Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 1411 кишига етган, 3124 киши жароҳат олган. 5400 дан ортиқ уй вайрон бўлган.
Кўп одамлар вайроналар остида қолиб кетди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Хабарларга кўра, зилзила оқибатида кўчкилар йўлларни тўсиб қўйган ва бригадаларнинг аҳоли пунктларига етиб боришини қийинлаштирган.
Энг кўп қурбонлар Кунар вилоятида қайд этилган. Маҳаллий аҳоли водийларда, хом ғишт ва ёғочдан қурилган хавфли уйларда яшайди. Зилзила кечаси, одамлар ухлаб ётган вақтда содир бўлган ва кўпчилик ташқарига чиқишга улгурмаган, деб хабар беради NBC News.
Аввалроқ 1100 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Зилзиладан асосан Кунар ва Нангарҳор вилоятлари талафот кўрди. Зилзила 1 сентябрь, душанба куни маҳаллий вақт билан ярим тунда юз берди. Унинг магнитудаси 6,0 баллни ташкил этди. Зилзила ўчоғи ўта чуқур жойда бўлмагани сабабли, у ер юзасида катта талафот келтирди, деб хабар берди news.rambler.ru.