Поездда саёҳат қилишининг гашти ўзгача. Айниқса, “Афросиёб” тезюрар поездида шамол мисол елаётгандек бўласан киши. Шинам, барча қулайликларга эга вагонда баъзан ана шу қисқа вақтнинг қандай ўтганини ҳам сезмай қоласан.
Узоқ вилоятларга йўл олганда ёки қўшни давлатларга катта ҳажмда юк жўнатиш зарурати юзага келганда поезд асқатади. Бу йўналишда ҳам янгиланиш, ўзгаришлар йўқ эмас. 2020 йил 1 сентябрдан темир йўл чипталарини харид қилишда электрон платформа жорий этилиши аҳолига янада қулайлик яратди. Қисқа муддатда чипталарни чет эл валюталарида сотиб олиш имконияти ҳам йўлга қўйилди. Айни пайтда платформани янада такомиллаштириш ишлари олиб бориляпти.
Авазбек АҲМЕДОВ,
Транспорт вазирлиги Темир йўл транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи:
— Соҳада асосий иккита — йўловчи ҳамда юк ташиш йўналишлари мавжуд. Уларнинг инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш асосий вазифа ҳисобланади.
Бугунги кунда йўловчи ташишдаги рейслар сони жами 27 та бўлса, 18 таси кунлик саналади. Улар сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилда мавжуд 4 та “Афросиёб” тезюрар поездига қўшимча тарзда яна 2 тасини сотиб олиш кўзда тутилган.
Аҳолига хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш учун янги йўналишлар очилиб, Фарғона водийси ҳалқа йўли бўйлаб электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилди. Фарғона водийсидан Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрига қўшимча рейслар очилди. Шанба-якшанба кунлари мавжуд рейслар сони оширилди.
Республикамизда 268 та темир йўл станцияси бўлса, уларда 1200 дан ортиқ темир йўл шохобча йўли, яъни алоҳида корхоналар, ташкилотлар ҳамда муайян юк жўнатувчилар ва юкни олувчиларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган, темир йўлларнинг умумий тармоғига узлуксиз рельс изи билан уланган темир йўл ёки ташкилотга тегишли бўлган ички йўллар мавжуд. Бу шохобчаларда темир йўл станцияларига келган юкларни тушириш, вагонларга юклаш, сақлаш масалалари, божхона кўриклари амалга оширилади. Мазкур логистика марказларининг 80 фоизи хусусий секторга тегишли.
Ҳозир темир йўл инфратузилмаси янада ривожлантириляпти. 2021—2025 йилларда Бухоро —Урганч — Хива темир йўл участкасини электрлаштириш кўзда тутилган. 465,5 километрли ушбу йўналишда мазкур ишларнинг якунига етиши натижасида “Афросиёб” поездларининг Хоразм вилоятига ҳаракатланиши имконияти яратилади.