"Афросиёб" тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ишни темирйўл тизимида ишловчи шахслар содир этган.
Ишга “Темирйўлинфратузилма” АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели “Зиёвуддин темир йўл масофаси” корхонасида темир йўл тўсиқлари бўйича бригадир лавозимида фаолият юритувчи шахс бошчилик қилган.
У Навоий шаҳрида яшаб, 2023 йилнинг декабр ойида корхонада бригадир штат бирлиги тугатилгач, у йўл созловчиси ва темир йўл тўсиқлари қўриқчиси вазифасига ишга ўтказилади.
Лекин собиқ бригадир ўз норозилигини раҳбариятга кўрсатиб қўйиш мақсадида Кармана туманида яшовчи, 1992 й.т. ҳамкасби билан жиноий режа тузади.
Жорий йилнинг 14 январь куни кечки вақт улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани “Бурқут” МФЙ ҳудудида жойлашган “Зиёвуддин-Навоий” темир йўл бекатлари оралиғининг 3872-км ҳудудига бориб, оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални “Афросиёб” электропоезди ҳаракатланувчи темир йўл рельси устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан яширинишади.
Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, “Тошкент-Бухоро” йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган “Афросиёб” тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашади. Бунинг натижасида поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етади.