Кейинги йилларда пахта хомашёсини етиштиришда деҳқонфермер хўжаликлари ва кластерларга бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш имконияти яратилди. Айниқса, шу йилнинг 10 март куни Cotton Campaign халқаро коалициясининг ўзбек пахтасига глобал бойкоти бекор қилингани мамлакатимиз тўқимачилик саноати ривожи учун катта йўл очди.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаш жоиз. Қарорга кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган жойларда фермерлар иштирокидаги кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди.

Фермерларнинг бундай ихтиёрий кооперациялари ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари негизида ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, пахта-тўқимачилик кластерларига берилган имтиёзлар пахта хомашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар учун ҳам татбиқ қилинди. Бу билан юртимиз пахта- тўқимачилик соҳасида монополиянинг олди олинди.

Аслини олганда пахта хомашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва сотишга бозор механизмларини жорий этиш борасидаги замонавий ёндашувга аввалроқ киришилган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил  23 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги фармонига асосан, пахта  толасини ишлаб чиқариш ва сотишда бозор тамойиллари ҳамда механизмларини кенг жорий қилиш, пахта толаси бозорида рақобат муҳитини яратиш, пахта маҳсулотлари учун ҳисоб-китобнинг жаҳон амалиётида умумий қабул қилинган шаклларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Мисол учун, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳсулотни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасидаги изчил ислоҳотлар натижасида аграр соҳада фаолият юритишнинг янги тизими — кластер усули кириб келиши қишлоқ хўжалигида, хусусан, пахта-тўқимачилик саноатида катта имкониятларга йўл очди. Кластер усулида фаолият юритиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ресурсларни тежайдиган техника ва технологиялардан фойдаланиш, қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш, янги иш ўринлари яратиш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, инфратузилмани ривожлантиришда қўл келаётир.

Жумладан, 2021 йили Сурхондарё вилоятида пахтачиликда замонавий  усуллар қўлланди. 1454,1 гектар пахтазор томчилатиб ва ёмғирлатиб суғорилди. Натижада йил қурғоқчил келишига қарамай, ҳосилдорлик ошди. Вилоятда қишлоқ хўжалигининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ҳозирча 50,4 фоизни ташкил қилади. Ўтган йили замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига 72 минг 370 гектар пахта майдонидан 253 минг 566 тонна ҳосил етиштирилди.

Ўртача ҳосилдорлик эса 35 центнерга етказилди. Вилоятда пахта-тўқимачилик кластерлари учун инвестициявий лойиҳалар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, қиймати 1 триллион 982 миллиард 664 миллион сўмлик 35 та лойиҳа бажарилиши белгиланган. Бунинг натижасида 6 минг 209 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳалар доирасида “Denov tekstil klaster” пахтачилик кластери томонидан қиймати 6 миллион долларлик, йиллик қуввати 30 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган ёғ-мой заводи фойдаланишга топширилди ҳамда 250 та янги иш ўрни очилди.

Бугун вилоятда пахта етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида 10 та пахта- тўқимачилик кластери ва 4 та пахта тўқимачилик кооперацияси фаолият юритмоқда. Улар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, сувтежамкор технологиялар ва мақбул алмашлаб экиш тизимига алоҳида  эътибор берилмоқда. Бу борада халқаро тажрибалардан фойдаланиляпти.

Вилоятда бу йил 12 минг 800 гектар ерда ингичка толали, 59 минг 570 гектарда ўрта толали пахта замонавий агротехнологиялар асосида етиштирилмоқда. Бу борада илмий-тадқиқот ва қишлоқ хўжалиги институтлари мутахассислари илмий-амалий маслаҳатлари билан кўмак бериб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил  1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилоятида 2022 йилда 12 минг 300 гектар пахта майдонида сув тежаш технологиясини жорий этиш режалаштирилган.

Шу мақсадда 4 минг 464 гектар ерни суғориш учун  53 миллиард сўм йўналтирилган. Жумладан, 221 та субъектда ҳовуз қазилиб,  1 минг 997 гектарда 86 та фильтр насоси ўрнатилди. 1 минг 937 гектар  майдонда томизғичли шланглар монтаж қилинди. Деҳқончилик ривожи жамият тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Ўзбек деҳқончилиги собиқ иттифоқ даврида бир қатор қийинчиликларни бошдан кечирди. Ўша давр қишлоқ хўжалиги шўролар талаби ва истагига мос равишда олиб борилди, деҳқон билан ҳисоблашилмади. Оқибатда қишлоқ хўжалиги фақат пахтачиликка ихтисослашди.

Бугун эса мамлакатда янги деҳқончилик йўналишлари пайдо  бўлди. Муҳими, пахта яккаҳокимлигига барҳам берилди. Пахта монокультураси (биргина экинга ихтисослашиш, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг етиштирилмаслиги) бекор қилинди. Янги тизим — қисқа ротацияли алмашлаб экишга асосланди. Бунда асосий экин билан ўтмишдош ёки йўлдош экиннинг нисбати 1:1 ёки 1:2 дан ошмайди. Асосий экин салмоғи 50 фоиз атрофида бўлади ва бир майдонга узоғи билан 1-2 йил мобайнида экилади.

Эски тизимда асосий экин 7080 фоизни ташкил этган. Собиқ иттифоқ даврида фақат пахта экиш оқибатида тупроқ унумдорлиги ва ундаги чиринди миқдори камайди. Энди тезпишар, рақобатбардош навларни яратиш керак эди. Буни олимларимиз муваффақият билан уддалади. Ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароитига мос навлар яратилди. Уруғчилик тизими янгиланди — амалиётга беш йиллик схема жорий қилиниб, биринчи йили супер элита етиштириш, иккинчи йил элита, 3, 4, 5-йилларда  1, 2, 3-репродукциялар татбиқ этила бошлади.

Ўз навбатида, пахтани қайта ишлаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Қисқа даврда пахтачилик соҳасида катта тарихий ўзгаришлар юз бериб, 2016 йилда пахта маҳсулотларини қайта ишлаш 60 фоизга етказилди. Энди мамлакатимизда етиштирилаётган пахта хомашёсини босқичма-босқич тўлиқ қайта ишлаш имконияти яратилмоқда. Рақобатбардош, сифатли маҳсулот тайёрлаш мақсадида ғўза агротехникасида инновацион технологиялар кенг қўлланмоқда.

Туксиз чигит экиш, 6-8 қаторли сеялкаларни қўллаш, томчилатиб суғоришни жорий қилиш, қатор ораларида қора плёнкалардан фойдаланиш, ғўзани баргидан озиқлантириш, чилпишни кимёвий усулларда ўтказиш, ҳосилни бир марта териб олиш, зарарсиз дефолиантлар сепиш каби технологиялар шулар жумласидандир. Мазкур агротехник тадбирларни амалга оширишда минерал ўғитлар нархи юқорилиги, ёнилғи етишмовчилиги ва қимматлиги каби муаммолар бор эдики, буларни бартараф этиш устида ҳукумат томонидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Уруғчиликда нав тозалиги талаб даражасида эмас эди.

Бунинг учун кичик заводларни ташкил қилиш, ажратиш, уруғчилик корпорациялари сонини ошириш, юқори ҳосилдорликка эга деҳқон-фермер хўжаликлари ва кластерларни уруғчиликка мослаш ишлари бажарилди. Юртимизнинг барча ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурий лойиҳалар тасдиқланди. Унга кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 300 дан зиёд инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилди.

Бунинг натижасида пахта хомашёсини қайта ишлаш имкониятига эга бўлиш орқали экспорт ҳажмини ҳам кўпайтириш, қўшимча иш ўрни яратиш ҳисобига халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга замин яратилмоқда. Президентимизнинг шу йил 7 июлдаги “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда навбатдаги қадам бўлди. Унга мувофиқ, пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишлари йўлга қўйилади.

Шу орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажми ва даромадни ошириш мақсадида маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навлар таҳлил қилиниб, уларнинг супер элита ва элита уруғлари корхонаси белгиланади. Ҳудудларда тупроқ-иқлим шаро итига мос энг мақбул навларни кўпайтириш ва экиш, тупроқ унумдорлиги, унинг кимёвий ва биологик хусусиятларининг илмий таҳлили асосида қўллаш мумкин бўлган кимёвий ва органик ўғитлар бўйича тавсиялар берилади.

Ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарадор препаратларни қўллаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади. Хусусий секторларни жалб қилган ҳолда, давлат-хусусий ҳамда хусусий уруғчилик кластерларини ташкил этиш ва бу орқали рақобат муҳитини яратиш, пахтачилик йўналишида илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш каби чора-тадбирлар амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, Сурхондарё вилоятида пахтадан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантирилди. Ғўзанинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, сўнгги 3 йилда ҳудудда олинган пахта ҳосилдорлиги таҳлил қилиниб, тупроқ унумдорлиги, унинг кимёвий ва биологик илмий таҳлили асосида агрокимёвий таҳлиллар ўтказиш ҳамда пахтачиликда сув ва ресурстежамкор технологияларни  жорий этиш бўйича ишлар бошланди.