Кейинги йилларда юртимиздаДаладан дастурхонгачатамойили асосида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизми жорий этилди. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотишдаги барча жараён ислоҳ қилинди. Бу аҳолини барқарор озиқ-овқат билан таъминлашда ижобий натижаларга олиб келгани бор ҳақиқат. Айни пайтда миллий маҳсулотларимиз рақобатбардошлиги ошиб, халқаро бозорларга чиқиш имконияти кенгайди.

Шу ўринда аниқ рақамлар орқали озиқ-овқатга эҳтиёжни қисқача таҳлил этсак. Қашқадарё вилоятида жорий йилда 1 миллион тоннадан ортиқ дон, 729 минг тонна сабзавот, 350 минг тонна картошка, 260 минг тонна полиз, 201 минг тонна мева, 116 минг тонна узум, 379 минг тонна гўшт, 1509 минг тонна сут, 594 миллионта тухумни бозорга чиқариш режа қилинган.

Мутахассисларнинг айтишича, вилоят аҳолиси учун йилига ўртача 340 минг тонна картошкага эҳтиёж бор. Бу йилги кўзланган режа бажарилса, эҳтиёж тўла қопланиб, ундан
10
минг тонна картошка ортиб ҳам қолади. Шунингдек, вилоят аҳли эҳтиёжи учун йилига
25
минг тонна пиёз, 73 минг тонна сабзи, 36 минг тонна гуруч, 160 минг тонна гўшт, 55 минг тонна парранда гўшти, 773 миллионта тухум, 34 минг тонна ўсимлик ёғи талаб этилади.

Аҳоли сони ўсиши баробарида озиқ-овқатга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Бу эса соҳа вакиллари олдига ишлаб чиқариш ҳажмини мунтазам кўпайтириб, ислоҳотларни изчил давом эттириш заруратини қўяди.

Ислоҳотлар жараёни келгусидаги эҳтимолий ҳолатлар ҳисобга олинаётгани билан аҳамиятли. Масалан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда 3 та йўналишда ишлаш мақсад қилинган. Биринчиси, ички имконият­ларни сафарбар қилиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш. Иккинчиси, бошқа вилоятлардан олиб келиш ҳамда вилоятда етиштирилган маҳсулотлар ҳажмидан келиб чиқиб, туманлараро интервенцияни таъминлаш. Учинчиси, хориждан олиб келишга эҳтиёж кучли бўлган маҳсулотлар ҳажмини ошириш учун импортёрларни қўллаб-қувватлаш.

Масалан, картошка ва гўштга доим талаб юқори. Уларни эса вилоятда етиштириш учун етарли имконият, салоҳият бор. Фақат илм билан самарали меҳнат қилинса, барча муаммоларга ечим топиш мумкин.

Шу йил 12 май куни Президентимиз раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда бир қатор топшириқлар олдик, — дейди Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов. — Шундан келиб чиққан ҳолда босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, озиқ-овқат таъминотини ошириш ҳар биримизнинг бурчимиз. Ҳаракат қилсак, янгидан янги лойиҳаларни йўлга қўйиб борсак, натижа ижобий томонга ўзгаради. Шу пайтгача воҳанинг иссиқ ҳавосида картошка бўлмайди деган тушунча бор эди. Лекин ўтган йили Миср компания­си биланАgro gold Premium” МЧЖ ҳамкорликда Китоб туманидаги тажриба ўзини оқлади. Ўрганишлар давомида нафақат ­Китоб, балки Нишон туманининг яйлов ерлари ҳам картошка етиштиришга мос экани маълум бўлди. Шу сабаб жорий йилда Нишонда 1200 гектар яйлов ер ажратилди. Бу ерлар ўзлаштирилиб, картошка ва чорва озуқаси етиштирилади. Баҳорги мавсумда 40 гектарда, июль-август ойларида яна 350 гектарга картошка экилади. Ҳозир 6 та ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилмоқда. Ўтган йили вилоят­да 208 минг тонна картошка ҳосили олинди. Бу йилги марра янада катта.

Вилоят қишлоқ хўжалиги мутахассислари маълумотига кўра, баҳорги мавсумда фермерларнинг 7 минг гектар ҳамда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларининг 15 минг гектардан ортиқ майдонига картошка экилди. Бундан ташқари, вилоят бўйича
49
минг гектар асосий майдонларга ­озиқ-овқат экинлари экилган. Кутилаётган ҳосил эса 1,6 миллион тоннани ташкил этади. Хусусан, 1805 гектар дала четларида сабзавот, полиз, ­дуккакли ва мойли экинлар уруғи сепилган. Шунингдек, жорий йилда ғалладан бўшаган 81 минг гектар майдонга озиқ-овқат ва озуқабоп экинлар экилиб, 1,4 миллион тонна маҳсулот етиштирилади.

Бундан етти-саккиз йил илгари вилоятда иссиқхоналар саноқли эди. Бугун кўрсаткич кескин ошди. Кўплаб хонадонларда иссиқхоналар қурилган. Натижада бозорлар қишда тўкин. Йилнинг тўрт фаслида ҳам исталган мева ва сабзавотни топиш мумкин.

Ҳозир вилоятдаги 348 та субъектнинг 420 гектар иссиқхонаси бор. Улардан йил бошидан буён 10,4 минг тонна помидор ва 12,2 минг тонна бодринг ҳосили олинди. Яна 2 минг тонна ҳосил кутилмоқда. Жорий йилда 4305 гектарда боғ яратиш режа қилинган. Деҳқонлар 1,8 минг гектар ерга мева, 400 гектар узум ва 283 гектар нўхат экиб, юқори ҳосил олиши кўзланмоқда. Масалан, Деҳқонобод туманида 204 гектар, Яккабоғда 63 гектар, Шаҳрисабзда 16 гектар майдонга нўхат ва Қамаши тумани Чимқўрғон сув омбори атрофида 200 гектар мош экилган. “Global Export Company” МЧЖ Китоб туманида 1,6 минг гектар майдонда органик мева етиштиришни бошлаган.

— Деҳқон хўжаликларига ер ажратилиши одамларда ерга эгалик ҳиссини, меҳнатга ишончни ва эртанги кунга умидни кучайтирди, — дейди миришкорлик деҳқон Мурод ота Қорёғдиев. — Ишсиз ёки даромади кам бўлган минглаб фуқаролар шу берилган ердан барака топиб, оиласи тўкинлиги учун меҳнат қиляпти.

Ҳозир вилоятда 23 минг гектар ер 39,4 минг фуқарога деҳқон хўжалиги қилиб берилган. Шундан 21,7 минг гектарига жорий йил учун асосий экинлар экилди. 3,4 минг гектар ерда сабзавот, 5,1 минг гектарда полиз, 1,5 минг гектарда картошка, 1,6 минг гектарда дуккакли, 747 гектарда мойли ҳамда 9,3 минг гектарда бошқа маҳсулотлар етиштирилмоқда. Ажратилган ер майдонларидан 14,6 минг гектарида “Бир контур — бир маҳсулот” тамо­йили асосида сердаромад ва экспортбоп экин экиш ташкил этилмоқда. Шу йил ҳисобидан 179 та лотдан ташкил топган ижара ер майдонларига ин-витро усулида олинган 66 минг туп гилос, бодом ва олхўри кўчати экилди. 195 та маҳаллада “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли томорқаларида экин экиш давом этмоқда.

Чорвачилик юқори даромад келтирадиган, экспортбоп ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга йўналишдир. Соҳадаги аҳамиятли масалалардан бири озуқа базасини кучайтириш. Энди озуқабоп экинлар экишга кенг йўл очилмоқда. Бу чорва маҳсулдорлигини оширишнинг асосий омили.

Янги тизим орқали вилоятда йирик саноат­лашган чорвачилик комплекслари ташкил этилади. Бу замонавий технология асосида ­ҳаракатланадиган янги ишлаб чиқариш қувватлари дегани. Жумладан, келгуси 2 йилда вилоят­да қорамоллар бош сонини 1,9 миллионтага, қўй ва эчкилар бош сонини 6,8 миллионтага, паррандалар бош сонини 8,5 миллионтага етказиш, чорвачилик (гўшт ва сут) маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш даражасини 50 фоизга олиб чиқиш ҳамда наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш орқали чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш режа қилинган.

Бунинг учун жорий йилда қиймати 856 миллиард сўмлик 259 та лойиҳа ишга туширилади. Муҳими, 13 минг бош йирик шохли ва 72 минг 300 бош майда шохли мол олиб келинади. Натижада 1184 та иш ўрни очилади.

Бугунгача қиймати 108 миллиард сўмлик 61 та лойиҳа амалга оширилди. Яъни 19 минг 800 бош қўй ва 1700 бош қорамол олиб келинди.

Жорий йилнинг 30 март–3 апрель кунлари вилоят делегацияси Беларусь Рес­публикасида хизмат сафарида бўлди. Унда қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, вилоятдаги “Asl yuksalish savdo” корхонаси Витебск вилояти Шумилин туманида “Qashqadaryo ChorvaUz” МЧЖ очди. Тадбиркор дастлаб шу тумандаги 2 та чорва комплексини ижарага олди. Биринчи босқичда 1 минг бош чорва боқиш йўлга қўйиляпти. Бунинг учун тадбиркор ҳозир 2 минг гектар ерни ижарага олиш тараддудида.

Чорвадорларнинг таъкидлашича, Беларусда чорва озуқаси етиштириш таннархи арзон. Чорва моллари наслдор, иқлими қулай. Шу боис, воҳалик тадбиркор 1 бош қорамолдан 4 ойда 8-10 миллион сўм соф фойда кўришни мўлжаллаган. Бу кўрсаткич воҳада 2 баравар кам.

Вилоятдаги яна 4 тадбиркор Беларусда иш бошлаш ташаббусини билдирган.

Шу ўринда тадбиркорларимизнинг хорижда фаолият юритиши қандай фойда келтиради деган савол туғилиши табиий.

Аввало, табиий иқлим сабаб соҳа тез ривож­ланадиган мамлакатда даромад юқори бўлади. Олинган фойда эса тўғридан тўғри мамлакатга сармоя бўлиб киради. Қолаверса, меҳнат муҳожирлари, ­хориждаги ­ватандошлар ишончли ва даромадли иш ўрни топиш имконига эга бўлади. Бундан ҳар икки томон ҳам фойда кўради. Муҳими, тадбиркор ривожланган давлатдаги малакали мутахассислар билан ишлаши анча осон ва қулай. Айни жиҳат соҳадаги энг замонавий технология ва илмни ўзлаштириб, мамлакатда кенг жорий этишга йўл очади. Шу боис, қашқадарёлик тадбиркорларнинг Беларусда иш бошлашини чорвачиликдаги яна бир ютуқли юриш дейиш мумкин.

Айни пайтда соҳани мамлакат ичида ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Масалан, бу борада юқори кўрсаткичга эришиш учун, аввало, яйлов кўп бўлиши зарур. 2025 йил 30 январда давлатимиз раҳбарининг “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-­тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва Аэрогеодезия маркази билан биргаликда вилоятдаги 1,2 миллион гектар яйлов комплекс хатловдан ўтказилди.

Мазкур фармонда белгиланганидек, олдиндан эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлган 1739 та субъектга 837 минг гектар яйлов ерлари тўғридан тўғри ижарага берилмоқда. Шунингдек, яйловларда деградациянинг олдини олиш мақсадида мавжуд 10 та қоракўлчилик хўжалиги томонидан жорий йилда Миришкор, Нишон, Муборак, Ғузор, Косон ва Деҳқон­обод туманларида 3,5 минг гектар яйловга чўл ўсимликлари — изен, олабўта, шувоқ уруғлари экилди. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг 2,7 мил­лиард сўм маблағи ўзлаштирилди. Бунинг эвазига вилоятдаги 7 та ўрмон хўжалиги томонидан 4,5 минг гектар яйловда қайта тиклаш ишлари олиб борилди. Келгуси 2 йилда вилоят бўйича дег­радацияга учраган 50 минг гектар яйловни қайта тиклаш режалаштирилган. Масалан, Қамаши туманида намунавий лойиҳа асосида 6 гектар майдонда Туркиядан келтирилган, иқлимга мос ҳосилдор беда уруғи экилди. “Биодрифт” компанияси томонидан ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинди.

Чорва озуқаси экинлари уруғчилиги бў­йича Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Чорвачилик илмий-тадқиқот институтининг вилоят филиали билан бирга ишланмоқда. Аҳоли хонадонларида чорва озуқасини етиштириш бўйича семинарлар ташкил қилинмоқда.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, жорий йил вилоятга ер ўзлаштириш учун бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 4 та лойиҳа амалга оширилади. Қамаши туманида 1,8, Яккабоғда 21,9, Миришкорда 14,6 километр канал, лотоклар тармоғи қурилади ва реконструкция қилинади. Нишон туманида эса 7 километрга қувур тортилади. Ҳозир мазкур объектларнинг ло­йиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилмоқда. Бу ишлар натижасида 5248 гектар ер ўзлаштирилади, қайта фойдаланишга киритилади. Шу билан бирга, тадбиркорларга 10 йил муддатгача имтиёзли кредитлар бериш йўлга қўйилган.

Пахтачилик, ғаллачилик ва (ёки) чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар суғориладиган ерларининг кўпи билан 20 сотихида чорва учун бино ёки омбор қуришга рухсат берилмоқда. Бунинг учун хўжалик ери 10 гектардан кам бўлмаслиги керак. Бино камида 2 гектардаги яхлит майдондан иборат контурда қурилиши зарур. Шунда рухсат этилган фойдаланиш турини ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига асосан чорва моллари ва чорва учун озуқани сақлаш ва кўпайтириш турига ўзгартиришга йўл қўйилади. Қолаверса, вилоятдаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг 2510 тасида чорва, парранда ва асалари боқиш учун енгил конструкцияли молхона ва бошқа бинолар қуриш режа қилинган.

Яна муҳим жиҳат. Фермер ер турини ўзгартириши ер нобудгарчилиги дея баҳоланиб, компенсация ундирилади. Бугунгача вилоятда 838 та фермер ер тузиш лойиҳалари ишлаб чиқиб, 96 гектар нобудгарчилик ўрнини қоплаш учун 39 миллиард сўм тўлаши керак эди. Президентимизнинг тегишли қарори билан бу тўловлар 10 фоиз миқдорида қўлланилмоқда. Бу эса фермерларга катта рағбат бўлиб, 35 миллиард сўм маблағ тадбиркорларнинг ўзида қоляпти.

Қашқадарёда наслчилик ва сунъий уруғлантириш тизими ривожланиб бормоқда. Бажарилаётган ишлар, янги лойиҳалар бунинг яққол далили. Жумладан, белгиланган дастурга кўра, вилоятдаги 151 та ветеринария участкаси томонидан аҳоли хонадонларидаги 104 минг бош сигир идентификация қилинди. 58,5 минг бош сигир сунъий уруғлантирилди. Йил якунигача бу кўрсаткич 191 минг бошга етказилади. Шунингдек, 607 минг бош қорамол идентификация қилинади.

Умуман олганда, чорвачилик соҳаси илмий ёндашув, рақамли технология ва замонавий бошқарув асосида ривожланадиган тизимга айланади.

Ҳозир Буюк Британиянинг “Юнайтед Грин” компанияси билан Ўзбекистонда сут аралашмаси ишлаб чиқаришга оид 300 ­миллион долларлик лойиҳа бўйича ишланмоқда. Бу лойи­ҳа доирасида Нишон, Миришкор ва ­Муборак туманларида 12 минг гектар майдонда иқлимга мос “ақлли” қишлоқ хўжалиги тизими жорий қилинади. Натижада юқори сифатли беда, маккажўхори силоси, маккажўхори дони ва алмашлаб экиладиган арпа, соя ҳамда кунгабоқар каби озуқа экинлар етиштирилади ва
10 минг бош қорамол боқиш йўлга қўйилади. Бу йилига 50 миллион долларгача импорт ўрнини босадиган маҳсулот ва 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади дегани.

Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири