Фермер хўжалиги раҳбари, қисқа қилиб айтганда, фермер бизнинг тасаввуримизда, ёши катта, тиззасигача чиқадиган этик кийиб, даладан бери келмайдиган, доим лой кечиб юрадиган инсон қиёфасида гавдаланарди. Бу бир неча йиллар олдинги тасаввур. Ҳозир бари аксинча. Энг чекка қишлоқларда ҳам катта-катта хўжаликларни бошқариб, кластерга айлантираётган, маҳсулот етиштиришдан, қайта ишлашгача бўлган жараённи илғор билим ва технологиялар асосида олиб бораётган фермерларимиз бугун замонавий соҳага айланиб бораётган қишлоқ хўжалигининг етакчи агробизнес вакили сифатида намоён бўлмоқда.
Бу йўналишда, айниқса, ёшлар сафи кенгайиб бораётгани айни муддао. Ҳар бир ҳудудда ўнлаб, юзлаб ёш фермер, ёш деҳқонларни учратиш одатий ҳолга айланди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни дам юртимизда 27 мингдан ортиқ ёш деҳқонлар ҳамда 11 мингдан зиёд фермер йигит-қизлар фаолият юритмоқда. Улар мамлакат иқтисодиёти ривожи, аҳоли бандлигини таъминлаш, ички бозорга арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда сезиларли ҳисса қўшяпти.
Ана шундай фаол ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳага қизиқиши бўлган йигит-қизларга тажриба сабоқларини бериш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий қилиш, рақамлаштириш жараёнини интенсивлаштириш, тармоқ вакилларини улардан хабардор этиш ҳамда деҳқон ва фермерларнинг тизимга оид билим ва кўникмаларини ошириш мамлакатимизда муҳим вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан юртимизда илк бор “Агромарафон” мотивацион лойиҳаси ташкил этилиб, айни пайтда республикамиз бўйлаб ўз ишини олиб бормоқда.
Марафоннинг дастлабки босқичига 28 сентябрь куни Тошкент вилоятида старт берилди. Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “AKIS” марказида ўтган очилиш маросимида 300 га яқин ёш фермерлар ва деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқадиган ёш тадбиркорлар ҳамда Тошкент давлат аграр университети талабалари жам бўлди. Улар шу ернинг ўзида малакали мутахассислар иштирокида ўтган учрашувлар, тренингларда қатнашди, соҳани ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан танишди.
“Агробизнесда менежмент” махсус тренинги доирасида замонавий агрокорхоналарнинг тажрибали вакиллари ҳам иштирок этди. Хусусан, “Teodora Goods” компанияси директори Дилдора Отажонова, “Мевали” компанияси директори Мансур Рахимов, “Fruit house Organics” va “Norchontol” компанияси асосчиси, боғдорчилик бўйича маслаҳатчи Шухрат Аброров, Агроблогер ва тадбиркор Ойбек Қосимов, БМТ ҳузуридаги Глобал тупроқ ҳамкорлигининг Ўзбекистондаги координатори, тупроқшунос Шавкат Холдоровлар ёшлар билан ўз муваффақият тарихлари, шахсий тажрибада синовдан ўтган тавсиялари билан ўртоқлашиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришди.
— Ушбу марафон аграр соҳада фаолият юритаётган ёки энди иш бошлаш истагидаги йигит-қизлар, юқори натижаларга эришган агротадбиркорлар, ёш деҳқон ва фермер учун катта мотивация бера оладиган қулай платформа, тажриба алмашинув майдончаси бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди “Агромарафон” лойиҳаси муаллифи, Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши раиси Маҳмуд Иноятов. — Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 10 000 дан ортиқ ёшлар учун 30 дан зиёд мотивацион учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган. 210 дақиқа давом этадиган мазкур учрашувларда соҳа мутахассислари, агротадбиркорлар томонидан ёшларга энг замонавий воситалар ёрдамида қишлоқ хўжалигига доир муҳим мавзуларда билимлар берилмоқда. Қувонарлиси, ҳудудларда йигит-қизлар ушбу марафонга юқори қизиқиш билдириб, фаол қатнашяпти.
Марафоннинг илк маёғи Тошкент вилоятида кўтарилгани бежиз эмас. Боиси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган бу ҳудудда соҳани ривожлантириш имкониятлари анча юқори. Вилоятдаги барча тармоқларда кластер тизими кенг жорий этилмоқда. Хусусан, 2018—2021 йилларда 50 та агрокластер фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 20,5 фоизи улар томонидан тайёрланмоқда. Натижада сўнгги 5 йилда тармоқда 31,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Айниқса, мева-сабзавотчилик кластерлари сони бўйича ҳудуд республикада етакчилик қилмоқда. Бир йил ичида вилоятда 190 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилиш ҳисобига 24 та шундай кластер фаолияти йўлга қўйилди. Таҳлилларга кўра, 2020-2021 йилларда мева-сабзавотчилик кластерлари томонидан ўтган даврга нисбатан маҳсулот етиштириш ҳажми 115,6 фоизга ошганини кузатиш мумкин. Эътиборлиси, улар томонидан 35,4 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.
Ҳудудда қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлари ҳам жадал ривожланяпти. Аҳоли, айниқса, ёшлар агротадбиркорликнинг янги турларида ўзларини синаб кўрмоқда. Жавоҳир Мажидов ҳам имтиёзли кредит олиб, “чувалчанг бизнеси” номи билан машҳур бўлган фаолиятга қўл урди. Марафонда катта мотивация олган ёш йигит келгусида ўзи бошлаган ишни янада кенгайтириб, бу орқали кимёвий ўғитлардан зарарланган ерларни махсус чувалчанглар ёрдамида тозалаш, тупроқ унумдорлигини оширишни масад қилган.
“Янги ғоялар оляпмиз”
Республика бўйлаб 300 га яқин мутахассислар жалб этилган “Агромарафон”нинг кейинги манзили Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани бўлди. 7 октябрь куни бўлиб ўтган лойиҳа тадбирларларида 300 дан зиёд ёшлар иштирок этди. Учрашувлардан аввал марафон жамоаси ва йигит-қизлар тумандаги “Кашфиётчи ёшлар” иссиқхонасига агро саёҳат қилди. Бу ерда замонавий гидропоника усули жорий қилинган. Иштирокчилар орасида кимдир иссиқхонадаги янги инновациялар, технологияларни кўриб, уларнинг қандай ишлаши билан қизиққан бўлса, яна кимдир ана шундай лойиҳани ўзи ҳам амалга оширишни мақсад қилди.
Марафоннинг кейинги куни эса Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Ўзбек—Туркман дўстлиги” уйида кўтаринки руҳда давом этди. Унда қишлоқ хўжалигига қизиқадиган ва шу соҳада фаолият олиб бораётган 250 нафар ёш жам бўлди. Учрашувлар, мотивацион терининглар ёшларнинг келгуси фаолиятида қўл келиши турган гап.
Шундан сўнг, агро марофончилар водий томон йўл олди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бу ҳудуд яхшигина тажрибага эга. Сўнгги йилларда маҳсулотларни экспорт қилишда ҳам уларнинг имкониятлари ошиб бормоқда.
Андижон вилоятида 350 нафар ёш иштирокида ўтган “Агромарафон” кейинги куни ўз ишини Наманганда давом эттирди. Учрашувларда мутахассислар 200 дан ортиқ йигит-қизга соҳага оид билим ва тавсиялар берди.
Маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида ёшларни қишлоқ хўжалигида банд қилиш мақсадида наманганлик 31 минг нафардан ортиқ йигит-қиз учун 6,5 минг гектарга яқин майдонлар ажратилган. Шундан 21 минг нафари “Ёшлар дафтари”да турган вакиллар эди. Бугун улар ўзини-ўзи банд қилиб, яхшигина даромад топмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам бу ишлар кўнгилдагидек кетмоқда. Жорий йил ҳудудда янги ўзлаштирилган ва ғалладан бўшаган 5 864 гектар ер майдонларини 20 сотихдан 50 сотихгача бўлиб бериш орқали 39 105 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. Марафоннинг навбатдаги манзили — Фарғонада 19 та туман-шаҳарда “Ҳар бир ёшга — бир гектар” лойиҳаси асосида ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланаётган, соҳага қизиқиши бўлган ёшлар бир нуқтада жам бўлди.
— Биз — ёшларга ер берилиб, бандлигимиз таъминланаётганидан жуда хурсандмиз, — дейди фарғоналик Санжарбек Тоҳиров. — Бу ўз тадбиркорлигимизни бошлашимиз учун катта имконият. Бироқ, ишни энди бошлаганимиз боис, ҳали етарли билим, кўникма, тажрибага эга эмаслигимиз ҳам рост. Бу борада бизга мутахассислар маслаҳатлари қўл келяпти. Ўзимизга керакли маълумотлар, “янги ғоялар” оляпмиз. “Агромарафон”да ҳам улар ерга уруғ қадашдан то экспортгача бўлган жараёнларни тушунтирди. Йирик агротадбиркорлар ўз фаолияти ва эришган ютуқлари билан ҳам ўртоқлашди. Бу йил картошка ва мош ҳосилидан 18 миллион сўм даромад топган бўлсам, марафондан олган билимларим асосида келгусида ердан янада унумли фойдаланиб, ҳосил ва даромадимни бир неча баробар оширишни мақсад қилдим.
Марафон ёшларнинг ўзларига бўлган ишончларини ҳам мустаҳкамламоқда. Ҳозирда мотивацион лойиҳа ташаббускорлари 3-4 ноябрь кунлари Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ўтадиган ушрашувларга ҳозирлик кўрмоқда. Шундан сўнг “Агромарафон” то декабрь бошига қадар бошқа ҳудудларда давом этади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири