Аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги катта имкониятга эгалиги яхши маълум. Шу боис, аграр тармоқнинг барча йўналишларини молиялаштириш, ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш, юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳани механизациялаш, маҳсулот етиштириш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бинобарин, мамлакатимизда бу борада ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга, экспортни ошириш учун ҳам етарли имкониятлар бор. Сўнгги йилларда соҳага доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга янги иш ўринлари яратиш учун барча масалалар ҳал қилиб бериляпти. Натижада кейинги пайтда ерга муносабат тубдан ўзгарди, соҳада иш ўринлари яратиш имконияти кенгайди, ҳосилдорлик ортди.

Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш, ишсиз, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилашдан иборат. Бинобарин, ҳозирги кунда соҳани жадал ривожлантириш, лалми ва яйлов ерларни фойдаланишга киритиш билан доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 26 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони, шубҳасиз, аграр соҳанинг барча тармоқларини молиялаштиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Унга биноан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти янги босқичга кўтарилади. Агротехник тадбирларни, жумладан, кузги шудгорлаш ва экин майдонларига минерал ўғитларни солишни ўз вақтида таъминлаш мақсадида 2022 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш тегишли молия йилидан олдингисининг 1 ноябридан бошланади.

Пахта йиғим-терими учун тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаш жамғарма ҳисобидан амалга оширилади. Бунда миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини, хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, аммо 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация кредитнинг дастлабки 9 ойи учун тўланади.

Шунингдек, сабзавот етиштириш фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилда сабзавотчилик кластерлари, фермер хўжаликлари ва бошқа сабзавот етиштирувчиларга тижорат банклари томонидан 9 ой муддатга йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида етиштириладиган сабзавот қийматининг 40 фоизигача миқдорда кредит ажратилиши белгиланди.

Сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш учун эса Жамғарма томонидан 9 ой муддатга йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан икки фоиз пункт камайтирган ҳолда, тижорат банкларига жойлаштирилади. Агар тижорат банки томонидан кредитлар битимда белгиланган муддатда қайтарилмаса, кредитларнинг қайтарилмаган қисмига фоизлар Марказий банкнинг асосий ставкасига 6 фоиз пункт қўшиб ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унга кўра 2022 йил ҳосилидан бошлаб, асосий майдонларда сабзавот етиштириш учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган қисми учун компенсация тўлаш тизими жорий этилмоқда.

Эътиборли жиҳати, фармони билан пахта хомашёси ва буғдой етиштириш харажатларини молиялаштириш, асосий майдонларда экиладиган сабзавот маҳсулотлари парварваришини молиявий қўллаб-қувватлаш, ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур буғдойни бозор нархларида харид қилиш ва биржа савдоларига қўйиш ва бошқа шу каби йўналишлар жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Жалб қилинган чет эл кредитлари бўйича валютанинг айирбошлаш курсининг ўзгариши натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш учун республика бюджетидан ажратилган маблағлар, жалб этиладиган кредитлар, шу жумладан, чет эл кредитлари ва инвестициялар, халқаро молия институтлари грантлари ва донор ташкилотларининг маблағлари, шунингдек, жамғарманинг тижорат банкларига депозитга жойлаштиришдан тушадиган даромадлари эса жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтганда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – кооперация ва кластер тизими асосида маҳсулот етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва ички ҳамда ташқи бозорларга сотиш, энг муҳими, иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишдир. Демак, мазкур фармонда қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ижро этилишида мутасадди идоралар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  ва маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам бирдек масъул бўлишимиз керак.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасининг Аграр ва сув хўжалиги

масалалари қўмитаси аъзоси