Тез суръатлар билан ўзгариб бораётган даврда инновацияларни ҳаётга, иқтисодиётга жорий қилишнинг аҳамияти катта. Янгича ёндашувларнинг барча соҳаларда татбиқ қилиниши натижасида импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Тадбирнинг дастлабки кунида мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар ҳақида маълумот берилиши баробарида яратилган янги маҳсулотларнинг кўргазмаси ҳам  бўлиб ўтди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда  “Ўзбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда тақдим этилган  инновацион ғоя ва ишланмалар, маҳсулотлар ҳамда драйвер лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.  

— Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республика иқтисодиёти соҳалари ва ҳудудларнинг интеллектуал ҳамда  технологик салоҳиятини ошириш, илмий, инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмаларини шакллантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳаси кўп қиррали, кенг қамровли соҳа ҳисобланади. Демак, инновацион технологияларни ҳам  кенг жорий қилишимиз керак, — дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи  ўринбосари Аҳтам Далиев. 

Соҳа изланувчилари томонидан янги ҳосилдор сабзавот, полиз экинлари ҳамда Орол бўйи ҳудудларида етиштиришга мўлжалланган кротолярия экини ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, ғўзанинг юқори сифатли уруғларини етиштиришда органик деҳқончилик тамойилларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида маълумотлар берилди. 

Айтиш жоиз, олимлар томонидан тупроқ унумдорлигини оширишда сидерат экинларини ўстиришнинг такомиллашган энергия-ресурстежамкор агротехнологиялари ишлаб чиқилмоқда.  Иштирокчилар мана шундай ёндашувларнинг натижалари билан ҳам танишди.

Тадбир доирасида лойиҳа муаллифларига USAIDнинг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан агробизнес йўналишидаги амалий тадқиқотларни молиялаштириш сертификатлари ҳам топширилди.

Эртага — 7 июнь куни чорвачиликни ривожлантириш соҳасида генетика усулларини қўллаш орқали чорва зотларининг генофондини кўпайтириш ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш, озуқа-ем базасини кенгайтириш бўйича амалиётга татбиқ этилаётган инновацион лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтади. Тадбир 10 июнга қадар давом этади.

Диёра ЭШҚУЛОВА, 
ЎзЖОКУ талабаси