Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” мехмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси кўмагида Туркиянинг “Sofuar LTD. ŞTi” корхонаси томонидан 10—12 июнь кунлари ташкил этилаётган “Озиқ-овқат технологиялари, қадоқлаш ва иссиқхона ускуналари ҳамда икки томонлама музокоралар “Agro Pack Uzbekistan — 2021” халқаро кўргазмасига старт берилди.

Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, иссиқхона тизимлари, сув ва сут махсулотларини сақлаш ускуналарини ишлаб чиқарувчи 60 дан ортиқ турк ҳамда илғор ўзбек компаниялари иштирок этмоқда. 

Кўргазма хўжалик юритувчи тадбиркор субъектлари, жумладан, ўз фаолиятини бошловчи тадбиркорлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ички ҳамда ташқи бозорда сотишга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ечим топиш учун катта имкониятдир.

 “Agro Pack Uzbekistan — 2021” кўргазмасида нафақат замонавий ускуна ва технологиялар билан танишиш, балки ўзаро манфаатли шартномаларни жойида тузишга шароит яратади.

Шунингдек, “Agro Pack Uzbekistan – 2021” соҳага оид янги билимлар қатори соҳадаги пешқадам корхона раҳбарлари билан яқин мулоқотда бўлиш учун қулай имконият ҳамдир.

Соҳанинг етук мутахассислари тақдимотлари, ғоялар ва инновациялар ҳамда хорижий ва маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотлари “Agro Pack Uzbekistan-2021”нинг дастурларидан ўрин олган. Кўргазма доирасида ўзбекистонлик ва туркиялик тадбиркорларнинг “В2В” форматидаги музокаралари ўтказилади ва манфаатли шартномалар имзоланади.

Сифатли Wi-Fi тизимининг мавжудлиги тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга тадбир таассуротлари ва бошқа турли маълумотлар билан алмашиш имкониятини бермоқда.