Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, «Агробанк АТБ», Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти раҳбар ходимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг мутахассислари, олимлар, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тақдимотда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Тажиев иштирок этиб, ўқув курсларининг афзалликларига тўхталиб ўтди. Хусусан, соҳада юқори малакали, халқаро тажрибага эга ўқитувчилардан билим олиш имконияти мавжудлигини, назарий ва амалий машғулотларнинг уйғунлиги, соҳадаги етакчи бизнес эгалари томонидан мастер классларда иштирок этиши, бизнес ҳамкорлар тармоғини кенгайтириш имконияти ва буларнинг барчаси бепул тарзда амалга оширилиши таъкидланди.

Қайд этилганидек, ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад – қишлоқ хўжалигида янги бизнес йўналишларини очиш, билимли ва малакали ёш фермерларни тайёрлаш ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, ёшларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда энг замонавий технологиялардан фойдаланишни ўргатиш.

Лойиҳа, мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий ўқув юртлари, жумладан, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Самарқанд ветеринария ва чорвачилик институти, бир қатор илмий тадқиқот институтлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, кластерлар, минтақалардаги кўп йиллик тажрибага эга деҳқон ва фермерларни жалб этган ҳолда ёшларни 2 ойлик курсларда (қисқа муддатли) ўқитишни назарда тутади.

Фермерлар мактаби Республикамизнинг 5 та ҳудудида — Тошкент, Андижон, Самарқанд, Термиз ва Нукус шаҳарларида ташкил этилган бўлиб, жорий йил 31 майдан бошлаб синовлардан муваффақиятли ўтган 150 нафар тингловчи ўқишни бошлайди.

Амалий дарслар тажриба участкалари ва йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўтилади.

Барча тингловчилар ўқув курсини тугатганлик тўғрисида ҳамда бизнес режаларни муваффақиятли ҳимоя қилган тингловчилар эса қўшимча кредит сертификатига эга бўладилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.