«UzAgroLogistics Centers» агрологистика маркази, «РЖД Логистика» АЖ ва «Россия экспорт маркази» (РEМ) АЖ Россия - Ўзбекистон логистика коридорини ривожлантириш ҳамда агросаноат импорт ва экспорт юкларини «Агроэкспресс» тезюрар рефрижераторли контейнерли поездларида ташиш борасида ҳамкорлик бўйича келишув имзолашди.

Бу Ўзбекистон агросаноат мажмуасининг экспорт маҳсулотларини етказиш бўйича хизматларни ҳамда Россиядан олиб келинадиган импорт юкларни янги сифат даражасига олиб чиқишга имкон яратади.

Ўзбекистондан Россияга дастлабки синов «Агроэкспресс»ни (қарийб 40 вагон) 2021 йилнинг кузида жўнатиш режалаштирилган. Худди шу темир йўл состави Россиядан Ўзбекистонга қарама-қарши импорт оқимини таъминлаб беради.

Меморандум «Uzagrologistics Centers» МЧЖ, «РEМ» АЖ, «РЖД Логистика» АЖ бош директорлари Ноуфалбек Сабиров, Вероника Никишина ва Дмитрий Мурев томонидан имзоланди.

«Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Россия экспорт маркази» АЖ, ҳамда «РЖД Логистика» АЖ томонидан ишлаб чиқилди, музокаралар чоғида улар агро-озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб беришни ривожлантиришда икки томонлама кўмак ҳамда учинчи мамлакатлар орқали қайта экспорт қилишни камайтириш заруратини таъкидлашди, — деди Ноуфалбек Сабиров. — Бу Ўзбекистондаги етказиб берувчилар учун ҳам, Россиядаги фойдаланувчилар учун ҳам бирдек манфаатли».

«2021 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга экспорт ташишлар ҳажми беш фоизга ошди ва деярли бир миллиард долларни ташкил этди. Лойиҳанинг тўлақонли ишга туширилиши ўзаро манфаатли маршрутларни шакллантиради ва россиялик экспортчиларни комплекс логистика хизмати ҳамда Россия маҳсулотларини узилишларсиз Ўзбекистонга етказиш канали билан таъминлайди, бу эса ўз навбатида икки мамлакатнинг йиллик товар айланмаси кўрсаткичларини янги сифат босқичига кўтаради», — дея таъкидлади Вероника Никишина.

Ўз навбатида, Дмитрий Мурев Россия ва Ўзбекистон ўртасида «РЖД Логистика» мунтазам хизматини ташкил этишнинг улкан салоҳияти борасида тўхталди. Темир йўл транспорти воситаси автотранспорт воситаларига нисбатан ишончли ва экологик тоза етказиб бериш усули сифатида ривожланяпти. Унинг сўзларига кўра, ихтисослаштирилган ҳаракатдаги состав ҳатто ташиш учун энг нозик ҳисобланган юкларнинг ҳам бутлигини кафолатлайди. Россиядан Ўзбекистонга ва яна ортга самарали доимий логистика тармоғини ташкил этиш икки мамлакат ўртасида товар айланмаси кўрсаткичларини сезиларли даражада оширишга имконият яратади. Ўтган 2020 йилда ушбу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 15% дан кўпроқ миқдорда ўсган эди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.