Аҳолини иш билан таъминлаш ҳақида сўз борганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари етакчи кучга айланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Негаки, яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятини тобора ривожлантираётган тадбиркорлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда. Эътиборлиси, ишбилармонларнинг асосий қисми 14-30 ёш атрофида бўлиб, кўпчилиги хорижда ишлаб келган ва ҳозирги кунда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйганлар.
Навоийда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан. Вилоятда ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 3,6 минг йигит-қизнинг бизнес лойиҳасига 92,9 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, ишсиз ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи 125 фуқарога 573,7 миллион сўм субсидия берилди. Айниқса, хориждан қайтиб келган ва “Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳаси асосида бизнесини йўлга қўйган юртдошларимиз учун қатор қулайликлар яратилган. Уларга самарали меҳнат қилиши ва фаолиятини янада кенгайтириши учун имтиёзли банк кредитлари ажратиляпти.
Навоий шаҳридаги Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи Зебинисо Хўжаева узоқ йиллар Жанубий Кореяда ишлади. Юртга қайтгач, истиқболли лойиҳасини амалга ошириш мақсадида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилди. Унинг ташаббуси мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланди ва Зебинисо тикувчилик корхонасини очиб, ҳудуддаги бир гуруҳ ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлади.
— Тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш асосий мақсадларимдан бири эди ва лойиҳамни амалга ошириш учун бизнес режамни хорижда эканимдаёқ тузиб қўйгандим. Тўғриси, тадбиркорликни бошлашдан аввал бироз чўчидим, ҳужжатлар тайёрлаш учун роса чопсам керак, деб ўйлагандим. Аммо маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилганимда менга зарур кўмак берди, имтиёзли кредит ажратилишига ёрдамлашди. Асосан, болалар кийими ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Фаолиятимиз барқарор давом этмоқда ва даромади ҳам яхши, — дейди ёш тадбиркор Зебинисо Хўжаева.
Навбаҳор туманининг Навкар маҳалласида яшовчи 21 ёшли Аҳрор Махаматқуловга мутасаддилар сув фильтрлаш ускунаси харид қилиши учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишига ёрдам кўрсатди. Ҳозир у аҳолига экологик тоза сув етказиб бериш билан банд.
Туманда Аҳрор каби ишбилармон ёшлар кўп. Сарбозор маҳалласида яшовчи Ўткир Саноқулов ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан банкдан имтиёзли кредит олиб, нонвойликни бошлади. Ҳозир мўъжазгина нонвойхонасида оиласи билан меҳнат қилиб, даромад топмоқда.
Башорат Умарова хорижда сартарошлик сирларини ўрганган. Ўзи яшайдиган Сарбозор маҳалласида фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давом эттиришни мақсад қилганди. У фақат сартарошлик билан чекланиб қолмай, банкдан имтиёзли кредит олиб, ёшлар учун спорт клуби ҳам ташкил этди ва оила аъзоларининг бандлигини таъминлади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. У бизнесини кенгайтириш бўйича катта орзулар билан яшаяпти.
— Хориждан қайтганимда тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш учун бизнес режам тайёр эди. Фақат маблағ етарли бўлмагани учун маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисидан кўмак сўрадим ва банкдан кредит олиб иш бошладим. Ҳозир ёшлар учун спорт клуби очганман. Бу ерда маҳалламиз ёшлари маза қилиб спорт билан шуғулланмоқда. Яна бир неча тадбиркорлик турларини бошлаш арафасидамиз, - дейди Башорат Умарова.
Бугун олис ҳудудларда яшовчи хотин-қизларни иш билан таъминлаш жуда долзарб. Оила бошлиғи билан биргаликда аёлнинг ҳам ишли бўлиши, албатта, оила фаровонлигига хизмат қилади. Айниқса, Навоий вилоятининг олис ҳудудларида бунинг қадри янада баланд.
Учқудуқ туманида ҳам бу борада намунали ишлар амалга ошириляпти. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, туманда “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга кўрсатилаётган амалий ёрдам туфайли улар муайян ишга ва маошга эга бўлмоқда.
Туманда 30 ёшдан ошган аёлларнинг ҳар бири билан мулоқот қилиниб, 421 хотин-қиз 6 та тоифага ажратилди. Уларнинг 122 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз бўлса, 21 нафари кредит олиш истагини билдирган. Шунингдек, боқувчисини йўқотган 135 нафар хотин-қиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган 74 нафар аёл ҳамда қарамоғида ногирон боласи бор 65 она аниқланган. Уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилиб, қўллаб-қувватланяпти.
— Туманда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга босқичма-босқич манзилли ёрдам кўрсатилмоқда. Яқинда 30 нафар ишсиз аёлни маҳаллий корхоналарга ишга жойлаштириб, бандлигини таъминладик. 62 нафарига субсидия асосида турли меҳнат жиҳозлари олиб берилди ва улар ўз-ўзини иш билан банд қилди. 21 нафарига банкдан кредит ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кўмаклашилди. Боқувчисини йўқотган 135 хотин-қиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган 74 аёл ҳамда қарамоғида ногирон боласи бор 65 онанинг ҳар бирига 1 миллион 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунинггдек, 8 аёлнинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Бу каби амалий ишлар давом этяпти, — дейди Учқудуқ тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими мутахассиси Юлдуз Нормаматова.
Ана шу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида тикувчиликка қизиқувчи кўплаб аёлларга тикув машиналари олиб берилиши опа-сингилларимизнинг ўз-ўзини банд этишига хизмат қилмоқда.
Учқудуқ Қизилқум бағрида жойлашган. Ҳудудда чорвачилик яхши ривожланган. Овулларда туячилик билан машғуллар талайгина. Туя сутидан қимрон тайёрлаш эса нафақат улар кундалик турмуш тарзининг бир бўлаги, балки даромад манбаига ҳам айланган. Зеро, минг дардга даво туя сутини ичиш учун мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келишади. Бахтигул Изтелеуова ҳам шу иш ортидан даромад топмоқда.
— Бир неча туямиз бор. Уларнинг сути жуда ҳам шифобахш ва уни ичиш учун турли ҳудудлардан келувчилар талайгина. Шу туфайли олис чўл ҳудудида яшасак-да, даромадимиз яхши. Фарзандларимизнинг таълим олиши учун барча шароит яратилган. Ким қаерда яшашидан қатъи назар, меҳнат қилса, кам бўлмайди, — дейди Бахтигул Изтелеуова.
Ҳа, моддий ва маънавий рағбат, руҳий қўллаб-қувватлаш, имкониятлар яратиш, ишонч билдириш орқали хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш муҳим. Навоийлик хотин-қизлар ҳам бугунидан рози, ҳаёти фаровон, кўнгли хотиржам ва эртасига ишончи катта.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекситон” мухбири.