Мамлакатимизда иқтисодий ўсиш, хорижий инвестициялар ва экспорт бўйича белгиланган марраларга эришиш ҳар бир ҳудуднинг имкониятларини тўлиқ ишга солишни талаб этади. Наманганда ҳам юқори технологиялар, замонавий саноат ва хизматлар ҳисобидан тараққиётга янги суръат бериш учун кенг салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Жорий йил якунида вилоятга жалб этилган хорижий инвестициялар 5,4 миллиард долларга, экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Келгуси йилда иқтисодиётни 9,5 фоизга ўстириш, хорижий инвестицияларни 7-8 миллиард долларга, экспортни эса 1,3 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.
Бу мақсадлар учун умумий қиймати 5,4 миллиард долларлик янги инвестиция таклифлари шакллантирилган. Давлатимиз раҳбари уларни аниқ лойиҳаларга айлантириш, инвесторларга зарур шароит яратиш ва ҳар бир ташаббус ижросини қатъий назоратга олиш вазифасини қўйди.
Йиғилишда вилоятда барпо этилаётган ва келгуси йилларда ишга туширилиши режалаштирилган йирик объектлар тақдимот қилинди. Жумладан, Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш доирасида соатига 1,2 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал ҳамда йилига 21,2 минг тонна юк қабул қилиш қувватига эга карго инфратузилмаси барпо этилмоқда.
Саноатда Чуст туманида тўқимачилик бўёқлари ишлаб чиқариш бўйича 260 миллион долларлик, чиқиндилардан электр энергияси олишда 150 миллион долларлик ва базальтдан иссиқлик сақловчи материаллар тайёрлаш бўйича 125 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Поп туманида кумуш концентрати, Янги Наманганда эса фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.
Рақамли иқтисодиёт учун кадрлар ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида Янги Наманган шаҳарчасида замонавий IT-парк биносини қуриш ҳам кўзда тутилган. Унда ўнлаб технологик корхоналар фаолият юритиши режалаштирилмоқда.
Қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги дастурлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Янги Наманган шаҳарчасида 50 минг хонадонга мўлжалланган турар жойлар, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятдаги 183 минг гектар ер салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва агросаноат кооперациясини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бу борада Тўрақўрғонда 70 минг бош қўйга мўлжалланган замонавий кластер фаолияти, бир қатор туманларда паррандачилик мажмуаларини ривожлантириш ишлари кўриб чиқилди. Косонсойда 25 минг бош қорамолга мўлжалланган йирик чорвачилик комплексини барпо этиш режаси ҳам муҳокама қилинди.
Чуст туманидаги Олмос шаҳарчасида деҳқончилик мактабини ташкил этиш ташаббусига ҳам тўхталиб ўтилди. Унда агроакадемия, агроинновация маркази, агросаноат парки, агрологистика ва агротуризм йўналишларини бирлаштириш, хорижлик ҳамкорлар билан юқори ҳосилли картошка уруғчилиги, экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштириш ва наслчиликни ривожлантириш таклиф этилди.
Бундан ташқари, интенсив ва органик боғдорчиликни кенгайтириш, Поп тумани адирларини ўзлаштириш, қишлоқ хўжалигига илм-фан ютуқлари ва илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда ёшлар бандлиги ва даромадлар масаласи устувор ўрин тутди. Вилоятдаги 786 минг нафар ёшнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун уларни хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, ички ва ташқи меҳнат бозорларида муносиб иш ўринлари билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Ибрат номидаги чет тиллари институтида итальян тилини ўргатиш маркази ташкил этилгани ижобий баҳоланди. Италия компаниялари билан қишлоқ хўжалиги, электротехника ва озиқ-овқат саноатида иш ўринлари яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Масъулларга келгуси йилда 10 минг нафар ёшнинг Япония ва Германияда юқори даромадли иш ўринларида меҳнат қилиши учун мақсадли тил ва касбий тайёргарликни йўлга қўйиш топширилди. Хориждан қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда рақамли хизматлардан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Президентимиз бу саъй-ҳаракатлар одамларнинг кундалик ҳаёти ва даромадларида аниқ натижа бериши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Шу асосда вилоят аҳолисининг ўртача даромадини 9,6 миллион сўмга етказиш бўйича вазифалар белгиланди.
Туризм соҳасида Поп туманидаги “Арашан” кўп функцияли мажмуасини барпо этиш ишлари ва “Қамчиқ” тоғ дам олиш маскани лойиҳаси муҳокама қилинди. “Арашан” мажмуасининг биринчи босқичини 2027 йилда ишга тушириш, келгусида йилига 1,5 миллион нафар сайёҳни жалб қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чустда янги туризм зоналарини ривожлантириш, Чустда пичоқчилик, дўппидўзлик, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги анъаналарини жамлайдиган Ҳунармандлар шаҳарчасини ташкил этиш таклиф қилинди. Мазкур лойиҳа доирасида 4 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Савдо ва сервисни кенгайтиришда ҳам қўшимча имкониятлар бор. Ҳозир туну кун ишлайдиган 35 та кўчада 5 мингдан зиёд аҳоли даромад топмоқда. Келгуси йилда бундай кўчалар сонини 50 тага етказиш, Сирдарё бўйида дам олиш ва хизмат кўрсатиш масканларини ташкил этиш, йўлбўйи сервисини яхшилаш вазифалари қўйилди.
Бу тармоқларга малакали кадрлар тайёрлашда Австриянинг Кремс амалий фанлар университети билан ҳамкорликда туризм ва меҳмонхона бошқаруви бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Чекка маҳаллалар аҳолисига хизматларни яқинлаштириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Норин туманидаги маҳалла ахборот ва хизмат маркази тажрибасини барча туманларга татбиқ этиш, Корея Республикаси тажрибаси асосида “Ақлли қишлоқ” лойиҳаларини ривожлантириш таклиф қилинди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокимлиги ва ислоҳотлар штабига йирик лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини кўпайтириш, аҳолини қийнаётган масалаларга манзилли ечим топиш юзасидан топшириқлар берилди.