Унга кўра, ҳудудларда «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этилади, дея хабар бермоқда федерация ахборот хизмати.
Лойиҳадан кўзланган мақсад «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизмини жорий этишдан иборат. Лойиҳа доирасида бу йил республикамизнинг барча ҳудудидан иккитадан маҳалла танланиб, уларда «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этилиши назарда тутилган.
Федерация раиси Ж.Саримсоқов яқинда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Шеробод, Қизириқ, Ангор, Музработ, Жарқўрғон, Шўрчи ва Термиз тумани ҳокимлари билан учрашиб, «Ҳуқуқий маслаҳат» марказларини ташкил этиш бўйича фикр алмашди.
Марказда аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларнинг аниқ ҳал этилишида давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик асосида ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилади. Фуқароларнинг қарийб барча (савдо, газ, электр ва сув таъминоти, коммунал хўжалик, экология, қурилиш, кадастр, бандлик, ижтимоий хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим, хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа ҳамда бошқа) соҳаларга доир мурожаатлари маҳаллабай кўриб чиқилиши учун ҳуқуқий маслаҳатлар берилади. Шунингдек,мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш имконини яратилади.
Лойиҳани молиялаштиришда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари маблағлари, шунингдек, ҳомийлик маблағлари, маҳаллий тадбиркорлар билан ижтимоий шериклик асосида имзоланган (инвестор) шартномаларда белгиланган маблағлар ва бошқа манбалардан фойдаланиш кўзда тутилган.
Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали кўзланган натижага эришилса, келгусида республиканинг 9440 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этилади. Бу орқали 18 минг 880 та ишчи ўрни очилади.