Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов 2021 йил 26 июль куни Сергели туманидаги «Ўзгариш» маҳалласида пойтахт аҳолиси учун сайёр қабул ўтказган эди. Ана шу тадбир давомида қўмита раиси кўриб чиқилаётган масалалар қандай ечим топгани бир ҳафтадан кейин қайта муҳокама қилинишини маълум қилганди.

Бугун, яъни 2 август куни мазкур маҳаллада экологияга оид масалалар бўйича навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Олдинги мулоқотда кўтарилган 21 та масаланинг 14 таси бажарилгани, 5 та муаммони бартараф этиши бўйича Ишчи гуруҳлари фаолият олиб бораётгани, 2 та масала бўйича мурожаатчиларга тушунтириш берилгани таъкидланди.

Кўрилган чоралар туфайли Сергели ва Яккасарой туманларининг айрим ҳудудларида тарқалаётган бадбўй ҳид 70-80 фоизга камайгани эътироф этилди. Уни бутунлай йўқотиш бўйича тегишли ташкилотлар амалга оширилаётган режалар хусусида сўз юритилди.

Навбатдаги қабулда эса Бектемир сув тозалаш иншооти билан боғлиқ ноқулайликлар, Учтепа тумани Ширин маҳалласидаги дарахтларни суғориш учун оқар сув келтириш, Юнусобод тумани «Буюк Турон» маҳалласидаги дарахтларнинг қуриб кетган шохларини буталаш каби 15 та масала кўриб чиқилди.

Ҳар бир масаланинг ечими бўйича масъулларга аниқ вазифалар берилди. Улар қандай бажарилгани 7 кундан кейин яна кўриб чиқилади.