Шу билан бирга, аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини янгилаш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа обеъктларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада, хусусан, Беруний туманидаги “Дўстлик” ва “Ибн Сино” МФЙда аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, мазкур ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар бажарилмоқда.
Тумандаги ҳар бир ҳудудга 1,5 миллиарддан 3 миллард сўм маблағ ажратилган. “Дўстлик” МФЙда аҳоли билан мулоқотлар жараёнида ҳудудда ичимлик суви муаммоси борлиги аниқланди ва 6 та кўчага 2,4 километр ичимлик суви қувурлари тортиш ишлари бошланди. Кўчаларга асфалът ётқизиш ишлари хам олиб борилади.
“Ибн Сино” МФЙда эса 2 та 400 КвТ кучланишли тронсформатор ўрнатиб берилди. 2 километр паст кучланишли ҳамда 1,5 километр юқори кучланишли тармоқ тортиш ишлари ҳам бошланди. 1,5 километрлик йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари якунланди. 1,6 километр йўлга асфалът ётқизиш учун асосларни тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, ҳудуддаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари катта йўлдан келиши, бу ерга пиёдалар йўлакчаси зарурлиги билдирилган эди. Бу жойда ҳам йўл четига 1,1 километр бетон қопламали пиёдалар йўлакчасини қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Аҳолининг ўз хонадонлари атрофини ободонлаштириши, шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик олиб бориши ҳам тушунтирилиб, бу ишлар ҳам бошлаб юборилди.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири