Давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда  тарихий аҳамиятга молик масалалар кўрилди. Унда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Эндиликда бу ишга кўмак бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”ларни шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобиль диагностика воситалари билан таъминланади.

Бевосита аҳоли билан ишлайдиган, мулоқотда бўладиган тиббий ходимларимиз айнан қуйи бўғинда фаолият олиб боради. Шу боис, бу бўғинни ислоҳ қилиш муҳим. Режалаштириш дедик, бир қисм қишлоқ врачлик пунктлари ёпилиб кетди ёки бошқа йўналишга ўтказиб юборилди. Аҳоли 20-25 километр йўл юриб, қишлоқ врачлик пунктига бориши керак бўлди. Энди қишлоқ ва туманларимиздаги ҚВПлар таъмирланади ёки янгитдан қурилади. Асосийси, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, лаборатория, диагностика, даволаш тизими бўладими, хуллас барча шарт-шароитлар яратиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Бу жараёнга кўпроқ маҳаллий ҳокимиятлар, ҳокимлар масъул этиб белгиланди. Президентимиз уларга сўз берганида ҳокимлар шу масаланинг моҳиятини тушуниб етгани кўзга ташланди.  Уларнинг тиббий маданият ва малака ҳақидаги тушунчалари равшанлиги бизни қувонтирди. Ҳар битта ҳокимнинг ўз ҳудуди бўйича аниқ режалари бор ва улар асосан бирламчи тизимга боғлиқ. Шу тизимда ишлаётган тиббиёт ходимлари ўз номи билан оилавий шифокор бўлгани учун ҳар бир оилага кириб бориши кўзда тутилган. У ўзига тегишли ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аъзосидек бўлиб кетиши лозим.

Халқимиз бирор жойи оғриса ҳам “ўтиб кетар”, дея касаллик авжига олиб, асоратлари ривожлангандан кейин шифокорга мурожаат қилади. Шу ҳолатнинг олдини олиш учун тиббий бригадаларни шакллантириш вазифаси қўйилди. Бригада таркибида оилавий шифокордан ва ҳамширадан ташқари бир қатор тиббий мутахассислар ҳам бўлади.  

Йиғилишда аҳолини диспансеризациядан тўлиқ ўтказиш топшириғи берилди. Мутасаддиларга ушбу тизимни шаҳар ва туманларда босқичма-босқич жорий этиш, тиббиёт бригадаларини илғор тажриба асосида қўшимча ўқитиш, оилавий шифокорлар фаолиятини баҳолаш мезонлари ва рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар юклатилди.

Йиғилишда кадрлар масаласи атрофлича кўриб чиқилди. Маълумотларга кўра, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби олий ўқув юртлари битирувчилари учун унчалик ҳам қизиқарли эмас. Ходимларни рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқ. Шу боис, давлатимиз раҳбари шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларига квоталарни кўпайтириш топшириғи берилди. Буни туманлар кесимида, масалан, қайси туманда қайси мутахассис кам бўлса, ўшанга мўлжалланган умумий бакалавриат квоталарини ошириш лозимлиги айтилди. 

Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини шакллантириш зарурлиги таъкидлангани халқимиз сиҳат-саломатлиги ҳақида қайғуриш, буни энг устувор аҳамият қаратишнинг ёрқин намунасидир.

Йиғилишнинг Тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилгани ҳам бежиз эмаслигини Президентимиз алоҳида таъкидлади. Халқимиз сизларни шарафли касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар, деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди, деди давлатимиз раҳбари.

Бу гаплар минглаб шифокорларни тўлқинлантирди. Бу бизга ғурур беради. Шу билан бирга инсон саломатлигини асрашдек эзгу ишда зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди.

Ҳабибулла ОҚИЛОВ,

Тошкент врачлар малакасини ошириш

институти ректори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор