Бу ерда 140 турдаги хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Юқори тезликда интернет, замонавий техникалар фуқароларга тез, шаффоф ва қулай давлат хизматларини тақдим этишга мўлжалланган. Жорий йил февралда фойдаланишга топширилган ушбу муассасада шу пайтга қадар 300 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 2 мингга яқини филиаллар орқали, мингга яқини эса сайёр тарзда амалга оширилди. Марказ биносида Президентнинг Халқ қабулхонаси ва Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашган.
Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан фаолияти йўлга қўйилган давлат хизматлари марказларида илк кунларда 33 турдаги хизматлар кўрсатилган бўлса, бугунги кунда улар сони 148 тадан ортди.
Марказлар орқали давлат хизматларини қабул қилишга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда 2020 йил якунига қадар кўрсатиладиган хизматлар сонини яна 20 дан ортиққа кўпайтириш режалаштирилмоқда.
– Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан танишиб, хизматлар кўлами билан қизиқди. Одамлар талабидан келиб чиқиб, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, маҳаллалар билан онлайн боғланиб, аҳолига қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди, – дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Мухаммадиев. – Бундай марказларда кўрсатилаётган хизматлардан одамларнинг хабардорлигини ошириб, кенг фойдаланишга ўргатиш муҳимлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки ўтган давр мобайнида агентлик томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 16 дан ортиқ қонун ҳужжати ишлаб чиқилди, айрим хизматлар соддалаштирилди. Бу ерда ташриф буюрувчилар учун қулай кутиш жойлари, қариялар ва ногиронлар учун махсус ўриндиқлар, она ва бола хоналари каби қўшимча қулайликлар яратилган. Ҳудудларда фойдаланишга топширилаётган марказларининг янги бинолари маҳаллий бюджет маблағлари ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилмоқда. Улар анъанавий архитектура ва миллий меъморий ечим, замонавий дизайн талаблари асосида барпо этилаётир. Шунингдек, барча марказлар оптик толали кабеллар билан тўлиқ таъминланиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди. Бунинг натижасида хизматларни кўрсатиш муддати қисқартирилди, идоралараро интеграцияни йўлга қўйиш орқали мурожаат қилувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди ҳамда хизмат кўрсатиш жараёни оптималлаштирилди.
Шу билан бирга хизмат кўрсатувчи органлар фаолиятини номарказлаштириш, яъни хизмат кўрсатиш ваколатини юқори турувчи органдан қуйи тузилмаларга ўтказиш орқали хизматнинг тезкорлиги ва манзиллилиги таъминланди.
Қарши шаҳрида фойдаланишга топширилган Давлат хизматлари агентлигининг янги биноси бу борадаги барча талабларга жавоб беради.
Тизимда кечаётган улкан ижобий ўзгаришларнинг барчаси халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг бир бўлагидир.
Лутфулла Сувонов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири