Ҳукуматимизнинг халқпарвар сиёсатини мазкур оила аъзолари ўз тақдирларида кўриб, бунга амин бўлиб келишмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бошқаруви ҳамда Шовот туман бўлинмаси А. Қўзибоевнинг Урганч давлат университетида таҳсил олиши учун 7 миллион 472 60 сўм контракт пулини тўлаб берди.
— Бу саховатдан жуда хурсандман, — дейди Асадбек. — Ҳукуматимизнинг биз ёшларга қаратаётган бундай ғамхўрлигидан миннатдормиз. Келгусида олийгоҳни тугатиб, юртимиз учун астойдил хизмат қилишга аҳд қилдим.
Худди шундай миннатдорлик сўзларини Роят маҳалласида яшовчи Эдвира Раҳимова ҳам кўзларида қувонч ёшлари билан баён этади: "Оиламиз “Темир дафтар”га киритилганди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди оиламиз имкониятини инобатга олиб, мени Урганч давлат университетида ўқишим учун 6 412 600 сўм контракт пулимни тўлаб беришди. Энди ҳеч бир муаммосиз таҳсил оламан. Бу саховат бошида турган инсонларга раҳмат".
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Арбоблар маҳалласида яшовчи Анвар Матсафоев, Гулистон маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Бегметова, Бўйрачи маҳалласида яшовчи Садоқат Бўёзова ҳамда Туркистон маҳалласида яшовчи Султон Ражабовга даволанишлари учун 2-4 миллион сўм маблағ ажратилганини ҳам қайд этиш жоиз.
Мухтасар айтганда, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган саховат тадбирлари рўйхати анчагина узун. Бу юртимизда ислоҳотларнинг янги босқичида кўҳна қадриятларимизнинг янада бўй кўрсатаётганининг ифодасидир.
Рўзимбой ҲАСАН,
“Янги Ўзбекистон” мухбири