Сўнгги йилларда юртимизда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш, улар кўрсатадиган хизмат сифатини ошириш бўйича турли инновацион ёндашув ва янгиликларга қўл урилмоқда. Хорижий давлатларнинг бу борадаги кўп йиллик тажрибаси ўрганилмоқда. Мазкур вебинар шундай интилиш ва саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.
Семинарда таъкидланишича, ўтган асрда Германияда хаусмастер институти амалиётга муваффақиятли жорий этилган. Бундай мутахассисларни менежернинг ўнг қўли деб аташади. Хаусмастерлар кўп қаватли уйлар ва хонадонларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўра билиш ва уларни бартараф этиш лаёқатига эга бўлади. Одатда улар бир эмас, бир нечта касбларни пухта эгаллайди. Кўпқаватли уйлар ва хонадонларга хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки уй-жой мулкдорлари ширкати ходимлари сифатида ишлайди. Кўрсатиладиган хизматлар доираси, албатта, алоҳида шартнома билан тартибга солинади.
Сўнгги йилларда Беларусь хаусмастерлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Германия тажрибасини муваффақиятли ўзлаштириб, уй-жой, кўчмас мулкни бошқариш бозорида хаусмастер институтини жорий этди. Бу янгилик кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада яхшилади.
Мамлакатимизда маҳаллий хаусмастерлар малакасини ошириш, иш жараёнида уларнинг ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш ҳамда биноларни техник кўрикдан ўтказиш, қурилиш ва техник зарарни аниқлаш, аҳоли билан мулоқот ўрнатиш бўйича халқаро тажриба билан таништириш семинарнинг асосий мақсадидир.
— Соҳада йигирма йиллик тажрибага эгаман, — деди Самарқанд шаҳридаги “Олтин аср” МЧЖ профессионал бошқарув ташкилоти раҳбари Хайринисо Шатанова. — Айнан тўрт йилдан буён хаусмастерликни фаолиятимизга татбиқ этиш бўйича изланишларда иштирок этяпман. Бу борада Германия тажрибасини ҳам тўлиқ ўрганиб чиқдим. Ушбу тажрибанинг асосий мазмуни рақамлаштириш бўлгани боис, уни фаолиятимизга татбиқ этсак, юртдошларимизга жуда катта енгиллик яратган бўламиз.
Вебинар “Мураббийлар учун тренинглар” дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, ўтган йил июнь ойида бошланган эди. Лойиҳа уй-жой мулкдорлари учун касб-ҳунар таълимини жорий этишга қаратилган. Унга кўра, касб-ҳунар коллежлари ва саноат корхоналари билан ишлаш режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқиши натижасида ихтисослашган уюшмаларнинг профессионал салоҳияти ошади, хизмат кўрсатиш кўлами янада кенгаяди.
Жаҳонгир ЭРНАЗАРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири