Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасулов рўйхатга олиш саволномасини ҳар бир шахс ўзи тўлдириши, ўзи ва оиласига тегишли шахсий маълумотларни бегоналарга тақдим этмаслиги зарурлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, бу рўйхатга олиш қонунчилигига ҳам тўғри келмайди ҳамда шахсга доир маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шуни инобатга олган ҳолда ҳар бир шахс ўзи ва оила аъзолари учун рўйхатга олиш саволномасини мустақил шаклда тўлдириши тавсия этилади. Бу ўз ўрнида шахсий маълумотларингиз дахлсизлигини таъминлайди.
Шунингдек, Усмон Абдурасулов аҳолидан келиб тушаётган саволларга ҳам жавоб бериб ўтди.
— Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида саволномада оила аъзоларимни ҳам киритиб, рўйхатдан ўтдим. Бироқ сертификат фақат менинг номимга шакллантирилди. Айни пайтда оила аъзоларимнинг иш жойлари томонидан уларнинг ҳам рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи сертификат сўралмоқда. Бундай ҳолатда қандай йўл тутиш лозим?
— Агар онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида оила аъзоларингиз ягона саволнома орқали киритилган бўлса, уларнинг барчаси аҳолини рўйхатга олиш жараёнида тўлиқ рўйхатдан ўтган ҳисобланади. Бу амалдаги қонунчилик талабларига тўлиқ мос келади.
Ахборот тизими томонидан сертификат фақат битта – асосий респондент номи билан шакллантирилади. Шу сабабли оила аъзолари учун алоҳида сертификат автоматик тарзда берилмайди.
Шу билан бирга, айрим ҳолатларда иш жойлари ёки ташкилотлар томонидан онлайн рўйхатдан ўтган оила аъзолари таркиби ҳақида қўшимча маълумот сўралиши мумкинлиги инобатга олинган. Мазкур эҳтиёждан келиб чиқиб, census.stat.uz портали орқали шакллантириладиган сертификатнинг қуйи қисмида рўйхатдан ўтган барча оила аъзоларининг рўйхати акс эттирилган.
Ушбу сертификат орқали фуқаролар иш жойлари ёки бошқа ташкилотлар талабига кўра, хонадон аъзоларининг онлайн рўйхатдан тўлиқ ўтганини осон ва ишончли тарзда тасдиқлашлари мумкин.
Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида маълумотларни диққат билан, тўғри ва тўлиқ киритишингизни сўраймиз. Хусусан, хонадонда амалда яшаб турган барча оила аъзолари, томорқа (ҳовли) ер майдони ва ундан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, мавжуд чорва ва паррандалар сони тўғрисидаги маълумотлар аниқ ва ишончли тарзда киритилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, рўйхатга олиш жараёнида тақдим этилган маълумотлар солиқ ва бошқа давлат органларига берилмайди ҳамда уларнинг махфийлиги қонунчилик билан кафолатланган.
Доимий рўйхатдан ўтган (прописка) манзилингиздан қатъи назар, онлайн рўйхатдан ўтишда амалда яшаб турган манзилингиз — ижарадаги уй-жой, ётоқхона ёки бошқа турар жой объекти манзили кўрсатилиши зарур.
Рўйхатга олиш ахборот тизими киритилган маълумотларни автоматик равишда мантиқий текширувдан ўтказади. Агар маълумотларда хато ёки ноаниқликлар аниқланса, жумладан, хонадон аъзоларидан бири ҳақидаги маълумот қолиб кетган тақдирда, 4–28 февраль кунлари маҳалла еттилиги вакиллари томонидан хонадонга ташриф буюриб, қайта рўйхатга олиш амалга оширилиши мумкин.
Ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ тўлдирилган саволнома ортиқча вақт сарфи ҳамда кераксиз безовтачиликларнинг олдини олади. Шу муносабат билан, саволномани биринчи мартаёқ масъулият билан ва ишончли маълумотлар асосида тўлдиришингизни сўраймиз.
Онлайн рўйхатга олиш жараёнида киритилган ҳар бир маълумот — ҳар бир фуқаро, ҳар бир хонадон ва ҳар бир қарич ер ҳақидаги аниқ маълумот — мамлакатимиз тараққиётини режалаштириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.