Бу борада Ўзбекистонда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги олиб борилаётган ислоҳотлар, хотин‑қизларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида тўлақонли иштирокига кенг йўл очмоқда.

Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурган ташаббуси — Осиё хотин‑қизлари форумини ўтказиш таклифи, бу соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ушбу форум 2024 йил 13‑14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин‑қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида юқори савияда ташкил этилди.

Осиё минтақасидан 30 дан ортиқ давлат вакиллари, БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари, фаол аёллар ва экспертлар иштирок этган форум, тажриба алмашиш, мулоқот платформасини яратиш билан бирга, гендер тенглигини таъминлаш йўлидаги аниқ амалий вазифаларни белгилаб олиш имконини яратди. Форум якунида қабул қилинган Самарқанд декларацияси минтақада хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ушбу мақсад йўлидаги муҳим ҳамкорлардан бири — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) бўлиб, у гендер тенглиги, аҳолишунослик ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида халқаро даражада етакчи ташкилот ҳисобланади. Жамғарманинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги йилдан-йилга чуқурлашиб, аниқ, тизимли ва барқарор натижалар билан бойиб бормоқда.

Ўзбекистонда аҳолишунослик соҳасида ҳам муҳим ислоҳотларни амалга ошириш учун соғлом муҳит шаклланди. Мамлакатда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар қабул қилинган. Жаҳон банкининг 2023 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси икки баробарга камайган. Бу кўрсаткич 2030 йилга келиб уни 7 фоизгача пасайтириш режалаштирилган.

Янги Ўзбекистонда гендер сиёсати, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мувофиқлаштирувчи ва ташаббускор орган сифатида муҳим рол ўйнайди. Қўмита томонидан UNFPA билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, тренинглар, семинарлар, илмий-амалий тадбирлар айнан шу стратегик мақсадларга хизмат қилмоқда. Юртимизда олиб борилаётган гендер сиёсати 2030 йилгача мўлжалланган Стратегия асосида амалга оширилмоқда, бу йўналишда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ижроси йўлга қўйилган бўлиб, БМТ билан ҳамкорлик натижасида гендер экспертизадан ўтиш, миллий бюджетда гендер аудитини жорий этиш каби механизмлар ҳам татбиқ этилмоқда.

Чиндан ҳам, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, зўравонликнинг олдини олиш, жамиятда соғлом ҳаёт турмуш шакллантириш ҳамда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда янги босқични бошлаб берди. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ижтимоий тенглик, барқарорлик ва инклюзивлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бундай ёндашув миллий қонунчилик ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш стратегияларини амалга оширишда муҳим восита ҳисобланади.

Бугунги кунда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида хотин-қизлар салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардан биридир. Ана шу нуқтаи назардан қўмита тизими UNFPA билан ҳамкорликда гендер тенглигини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган комплекс дастурларни амалга ошириш амалиётига эга. Мазкур дастурлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг оилавий, ижтимоий ва иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, оилаларда соғлом ва барқарор муҳит яратишга қаратилган.

Биргина ўтган 2024-йилда Сурхондарё вилоятида ўтказилган “Гендер зўравонликнинг олдини олиш ва огоҳлантириш” мавзусидаги тренинглар, шунингдек, “Исломда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқлари тамойиллари” мавзусида ташкил этилган семинар-тренинглар бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий кўринишидир. Ушбу тадбирлар ислом таълимотида аёлларнинг оилавий ва жамиятдаги ўрни, репродуктив саломатлик масалалари ҳамда гендер зўравонликка қарши кураш бўйича халқаро ва миллий қонунчилик асослари тўғрисида чуқур билимлар беришга қаратилган бўлиб, жамиятда гендер тенглиги маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Аҳоли, айниқса хотин-қизлар турмуш даражасини оширишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёсдир. Хусусан, БМТ тизими доирасида амалга оширилаётган қўшма дастурлар орқали Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида эришилаётган ижобий натижалар бу фикримизни тасдиқлайди.

UNFPA — БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклашга қаратилган Қўшма дастур муваффақиятли амалга оширилди. Дастур доирасида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Бўзатов ва Қўнғирот туманларида истиқомат қилувчи 365 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл танлов асосида сараланиб, етакчи сифатида махсус тайёргарликдан ўтказилди. Улар “фасилитатор” сифатида ўз маҳаллаларида билим ва кўникмаларини яна 110 нафардан ортиқ аёлга етказди. Бу эса, бир томондан, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга, бошқа томондан эса маҳаллий аёллар лидерлигини шакллантиришга хизмат қилди.

Тренингларда иштирок этган аёллар учун иқтисодий билимлар, молиявий саводхонлик, тадбиркорлик кўникмалари, бизнес-режа тузиш, оилавий бюджетни юритиш, гендер тенглик асослари, репродуктив саломатлик ва оилани режалаштириш бўйича замонавий ёндашувлар тақдим этилди. Натижада, нафақат уларнинг ўзига бўлган ишончи ортди, балки реал иқтисодий фаолиятга жалб этилишлари учун зарур шароитлар яратилди.

Мазкур лойиҳа доирасида энг истиқболли ва фаол иштирокчилар ўртасида бизнес лойиҳалар танлови ўтказилди. Ғолиб бўлган аёлларга ўз бизнесини йўлга қўйишлари учун зарур асбоб-ускуна ва техник жиҳозлар тақдим этилди. Бу эса оила даромадининг ошишига, аёлларнинг маҳаллий даражадаги иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда фаолроқ иштирок этишига замин яратди.

Энг муҳими, бу каби ташаббуслар орқали аёллар жамиятда ўз ўрнини топиш, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан мустақил шахс сифатида шаклланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бундай ёндашувлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимининг маҳаллий даражадаги ислоҳотларга чуқур интеграциялашганлигини ҳам яққол намоён этади.

Ўтган 2024 йилнинг ноябр ойида UNFPA, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида “Ўзбекистонда демографик дивиденддан фойдаланиш: инсон капиталини ривожлантириш орқали аёллар ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш” мавзусида бўлиб ўтган халқаро анжуманда мамлакатимиз демографик устунлигини ижтимоий-иқтисодий тараққиётга йўналтириш стратегиялари атрофлича муҳокама қилинди. Унда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова аёллар ва ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш – Ўзбекистоннинг келажак тараққиётида ҳал қилувчи омил эканлигини таъкидлади. UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзада эса бу йўналишда олиб борилаётган сиёсатнинг барқарор тараққиёт учун муҳим палла эканини қайд этди.

Мазкур конференция Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимининг гендер масалалари бўйича миллий сиёсатни халқаро тажриба асосида такомиллаштириш йўлида олиб бораётган фаол ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилди.

Дарҳақиқат, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими ва БМТ, хусусан, унинг Аҳолишунослик жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистоннинг соҳадаги ташаббусларини илгари суришда муҳим омил бўлиб, Ўзбекистон хотин-қизларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш ва мамлакатдаги демографик имкониятларни истиқболда ҳам тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган тизимли ва самарали механизм вазифасини ўташи, шубҳасиздир.