Маълумки, давлатимиз раҳбарининг қарори билан Тошкент шаҳрида Aжу университети фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда университетда 839 нафар талаба архитектура, қурилиш муҳандислиги, электротехника ва компьютер муҳандислиги йўналишлари бўйича таълим олмоқда. Муассасада 11 нафар малакали кореялик профессор ҳамда 28 нафар салоҳиятли маҳаллий профессор-ўқитувчилар фаолият юритади. Таълим фаолияти корейс мутахассислари кўмагида ишлаб чиқилган “Aкадемик ахборот тизими” дастури асосида рақамлаштирилган.
Мулоқотда дастлаб, икки томонлама алоқалар, ўзаро ташрифлар ва уларда эришилган келишувларга тўхталиниб, мамлакатимиз олий таълим тизими масъулларининг ўтган йил декабрь ойида Корея Республикасига амалга оширган ташрифи, ундаги учрашув ва мулоқотлар мамнуният билан тилга олинди.
Шундан сўнг Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, қабул квотасининг оширилгани, ОТМ сони 159 тага етказилгани, улардан 30 таси нуфузли хорижий олий таълим муассасаси эканлиги ҳақида маълумот берилди.
2030 йилга бориб олий таълим билан қамровни 50 фоизга етказиш, илмий салоҳиятни 70 фоизга олиб чиқиш, тизимни бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш мақсад қилингани айтилди.
Шу билан бирга Тошкент шаҳридаги Aжу университети фаолияти билан боғлиқ масалалар, хусусан, талабалар контракти учун давлат субсидия тизими, муассасани ўқув лаборатория анжомлари ҳамда бошқа асбоб-ускуналар билан таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида Тошкентдаги Aжу университетида техника фанларининг инглиз тилида ўқитилиши алоҳида қайд этилди.
Aлбатта, Ўзбекистонда фанлар инглиз тилида ўқитиладиган кўплаб университетлар мавжуд. Aммо айнан техника фанлари бўйича инглиз тилида таълим бериладиган ўқув юртлари сони кўп эмас, шунинг учун бу таълим жараёни ва сифатида жуда муҳим жиҳатдир, — деди вазир.
Жаноб Жонг-Хон Сон университет талабаларининг салоҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб, уларнинг бундай креатив фикрлаши, фаоллиги ҳамда ташаббускорлигида, албатта, Ўзбекистонда таълимга берилаётган эътибор сабаблигини қайд этди.
Меҳмонлар таълим муассасасининг иқтидорли битирувчиларини Кореядаги Aжу университетида давлат гранти асосида магистратурада ўқитиш режаси борлигини ҳам таъкидлашди.
Учрашувда икки томонлама манфаат келтирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиб олинди.