Чингизхоннинг келиб чиқиши

Чингизхоннинг онаси Оэлун хоним “Мўғиллар қалбининг достони” (“Сокровенное сказание Монголов”) номли битикда Қўнғирот қабиласининг Олхонут уруғидан эканлиги ёзилган. Унинг кўз очиб кўрган эри Меркит (турк) қабиласининг баҳодири Еке Чиледу бўлган. Кўчманчи чорвадор қабилалар аро урушда Чингизхонни отаси Есугей баҳодир Еке Чиледу билан олишувда ғолиб чиқиб, унинг бева қолган хотини Оэлун хонимни ўлжа сифатида ўз ҳарамига олади. Оэлун хоним гўзаллиги ва жозибадорлиги туфайли Есугей баҳодирни севимли хотинига айланади. Оэлун хоним ўша кезларда турк Еке Чиледудан ҳомиладор бўлиб, Есугей баҳодир чодирида ўғил кўради.

Икки қабила ўртасида бўлган жангда меркитларнинг сардори Темучиннинг олишувда ҳарбий маҳоратини кузатган Есугей баҳодир, унинг жанг маҳоратига ҳаваси келиб, чақалоққа Темучин исмини қўяди. Темучин катта бўлиб, жангларда маҳорат кўрсатади ва тезда мўғиллар сардорига айланади. 1206 йилда бўлиб ўтган мўғил баҳодирларининг қурултойида унга Чингизхон номи берилади. Унинг онаси эса, турко-мўғил анъаналарига кўра, энди Оэлун хотун даражасига кўтарилади, яъни буюк малика унвонига сазовор бўлади. Шундай қилиб, Чингизхон ота томонидан турк ўғлони, она томонидан эса этник келиб чиқиши мўғилдир.

Европа илмий адабиётларида шахснинг миллати она томони этник келиб чиқиши билан боғланиб, унинг (чақалоқнинг) отаси турк бўлсада, тарбия топган ижтимоий муҳитига кўра белгиланади. Демак, Европа илмий адабиётларида онаси мўғил бўлган Чингизхон мўғиллар ижтимоий муҳитида тарбия топгани боис мўғил.

Шарқ илмий адабиётларида эса шахснинг миллати отасини этник келиб чиқиши билан боғланиб, унинг тарбия топган ижтимоий муҳитига кўра белгиланади. Шу боис Чингизхоннинг отаси турк бўлсада, тарбия топган ижтимоий муҳити мўғил бўлгани боис мўғилдир.

Укалари тан олмаган ака – Жўжихон

Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида ёзилганидек, Жўжихоннинг онаси Буртахоним қўнғирот қабиласидан, отаси Чилгир боқа баҳодир эса меркит (турк) қабиласидан бўлганлиги ёзилган. Ҳомиладор Бурта хоним эрининг (Чилгир боқа уруғининг) бир жойдан иккинчи жойга кўчайотган пайтида навқирон қароқчи Тимучин томонидан ҳужум уюштирилиб, Чилгир боқа ўлдирилади ва унинг ҳомиладор хотини гўзал Буртахоним асир олинади.

Маълум вақт ўтгач, Темучин чадир аравасида Бурта кўз ёриб, ўғил чақалоқ туғилади. Бу воқеа Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”да айтилганидек, чақалоққа “йўлдан келган меҳмон” деган маънони англатувчи (ўзбек тилида “Йўлчи”, мўғил тилида “Жўжи”) деб ном қўйишади. Чингизхон гарчи уни “тўнғич ўғлим” деб тан олсада, бироқ унинг ота бошқа укалари Чингизхоннинг катта ўғли сифатида тан олишмайди. Шу боис, Жўжи ва унинг авлодларидан бирон киши мўғиллар империясида қонуний Чингизхон вориси бўла олмаганлар. Демак, Жўжихон ота томонидан турк, она томонидан эса этник келиб чиқиши мўғилдир.

Жўжихоннинг келиб чиқиши масаласида ҳам Ғарб ва Шарқ удумларидан келиб чиқиб масалага ёндашилса, Жўжихон ҳам мўғилдир.

Аҳмадали АСҚАРОВ,

академик