Учрашув аввалида Ўзбекистон олий таълим муассасалари учун “Академик устуворлик” лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш режаси ва истиқболдаги режаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
— Сўнгги йилларда ҳамкорликда амалга оширган ишларимиз натижасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари қатор йўналишлар бўйича сезиларли даражада ўсишга эришди, — деди Егор Яблоков. — Мазкур жараённи янада жадаллаштириш учун эса олдимизда қатор вазифалар турибди. Хусусан, мамлакатингиз олий таълим тизимини янада такомиллаштириш ҳамда етакчи университетларни ривожлантириш учун давлат дастурини ишга тушириш ва қўллаб-қувватлаш зарур. Бу жараёнда эса мазкур олий таълим муассасаларининг ривожланиш ва битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш ҳамда олий таълим муассасаларининг миллий иқтисодиёт, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ва халқаро меҳнат тақсимотидаги иштирокини баҳолашнинг текшириладиган тизимини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда, албатта, амалга ошириладиган дастур архитектурасини мукаммал ишлаб чиқиш учун кучларни ўзаро бирлаштиришимиз лозим.
— Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги камида 10 та олийгоҳнинг нуфузли халқаро рейтингларга киришини таъминлаш бўйича бизга аниқ вазифаларни белгилаб берган. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари миллий рейтинг тизимини йўлга қўйишда ҳамкорлик қилиб, қатор ижобий натижаларга эришдик, — деди инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Бироқ ушбу натижалар мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаши учун етарли эмас. Бу жараённи янада такомиллаштириш учун олий таълим муассасаларидаги мавжуд маълумот базаларини нуфузли агентликлар ва марказлардаги тизимлар билан ўзаро интеграция қилишимиз лозим.
Учрашув якунида томонлар кўтарилган масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.