Тараққиёт шиддат билан илгарилаб бораётган бугунги даврда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг зиммасида ўзбек илм-фанини янада ривожлантириш, замонавий ихтиро ва кашфиётлар билан халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини бундан-да оширишдек юксак вазифа турибди.
Айни пайтда Фанлар академиясида фаолият юритаётган олимларнинг ёш кўрсаткичи, давлатимиз томонидан илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор ва унинг самараси борасидаги саволларга жавоб олиш мақсадида муассасанинг масъул раҳбарлари билан мулоқотда бўлдик.
— Ҳақиқатан, сўнгги йилларда Фанлар академиясига эътибор тубдан ўзгарди. Унинг фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланишда илм-фаннинг ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим қонунлар, Президентимиз ва ҳукуматнинг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинган, — дейди Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев. — Илмий тадқиқотларни ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштириш борасида салмоқли ишлар бажариляпти. Мазкур чора-тадбирлар академик тадқиқотларнинг кадрлар, моддий-техника ҳамда молиявий базасини кўп жиҳатдан мустаҳкамлаш ва уларни мамлакатдаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва муҳим инновацион ишланмаларга йўналтириш имкониятини бермоқда.
Бугун Фанлар академиясида фаолият юритаётган олимларнинг ўртача ёши ҳам анча яшарган. 2016 йилда ФА тизимидаги фан докторларининг ўртача ёши 67, фан номзодлари (PhD)ники 58 ёшни ташкил этган. Охирги йилларда мамлакатимизда илм-фанга эътибор, моддий қўллаб-қувватлов натижасида ёшларнинг илмга кириб келиши кескин ортди. Натижада 2022 йил ҳолатига кўра, ФАда фан докторларининг ўртача ёши 63, фан номзоди, фалсафа докторлариники 50, умумий ходимларнинг ўртача ёши эса 45 ёшни ташкил этмоқда.
2017 йилда ўтган йигирма икки йилда биринчи марта Фанлар академияси янги аъзоларининг сайлови бўлиб ўтди. Унда Фанлар академиясининг 32 нафар ҳақиқий аъзоси (академиклар) сайланди. Дунёдаги нуфузли илмий ҳамжамиятларда мустаҳкам ўринга эга забардаст олимлар академия аъзолигига Президентимиз томонидан тасдиқланди.
2012–2016 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда иқтисодиёт соҳасига бериб юборилган қатор муассасаларнинг сўнгги беш йилда академия тизимига қайтарилиши, янги илмий даргоҳлар ташкил этилиши орқали Фанлар академиясининг илмий муассасалари сони қарийб бир ярим минтақавий бўлимлар мавжуд. Минтақавий бўлимлар Қорақалпоқ бўлими (таркибига иккита илмий ташкилот кирган), Навоий бўлими ва Хоразм Маъмун академияси, Ботаника боғидан иборат. Шунингдек, тизимда “Фан” нашриёти, асосий кутубхона ҳам ишлаяпти. Илмий йўналишлар бўйича йигирмадан ортиқ мавзули журнал ҳамда “Фан ва турмуш” илмий-оммабоп журнали нашр этиб келинмоқда.
Яратилган имконият, кўрсатилаётган эътибор илм-фанда ўз натижасини бера бошлади. 2017 йилда Навоий конметаллургия комбинатининг ташкилий, моддий-техник ва молиявий кўмагида Фанлар академиясининг инновацион турдаги Навоий филиали ташкил этилди. Академиянинг қайта тикланган Ядро физикаси институтининг илмийтадқиқот ядро реактори қайта ишга туширилди. Бу унинг “Тезлаткич” МЧЖ ва “Радиопрепарат” ДК ишлаб чиқариш ташкилотларида радиоизотоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини оширди. Натижада радиоизотоп маҳсулотларга мамлакатнинг эҳтиёжини тўлиқ қондириш, валютани тежаш ва маҳсулот экспортини йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлди.
Юртимизда биринчи марта Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳузурида GMP (Good management practice) халқаро талаблар асосида янги дори субстанциялари ишлаб чиқариш технологиясини йўлга қўйиш бўйича илмий-техник марказ ташкил этилгани ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Бу ерда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтириладиган қирқдан ортиқ дори-дармон ишлаб чиқариш технологиялари фармацевтика корхоналарига берилади.
Бунинг учун мамлакатимиз олимлари фундаментал тадқиқотлар асосида янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, янги ишлаб чиқариш технологияларини ишлаб чиқиш, маҳаллий фармацевтика корхоналарини дори моддалари субстанциялари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳамда ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартларига мувофиқлаштириш ишларини олиб боради. Бугун марказда ҳосилдорликни бир неча баробар, экспорт ҳажмини икки баробар ошириш, шунингдек, бошқа бозорларга чиқиш учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Яқинда Ўсимлик моддалари кимёси институтида Клиникагача бўлган тадқиқотлар илмий маркази иш бошлади. Унда GLP стандартлари амал қиладиган мамлакатлар томонидан маҳаллий олимлар илмий натижаларининг ўзаро тан олинишини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Жараёнда халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган янги авлод дори-дармонлар ишлаб чиқарилади. Марказ ишланмаларни Европа, МДҲ, Хитой, Япония ва бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказишга кўмаклашади. Бу мамлакат иқтисодиёти, аҳоли талаби учун ҳам манфаатли. Гап шундаки, илмий технологияларнинг халқаро миқёсда тан олиниши маҳаллий дори-дармонларнинг экспорт бозорини кенгайтириб, истеъмолчиларни паст сифатли ва хавфли дори-дармонлардан ҳимоя қилади.
Умуман, бугун илм қиламан, янгилик яратаман, деган олимлар учун барча шароит яратиляпти. Бу шунчаки гап эмас. Масалан, бундан 6-7 йил олдин илмий ташкилотларда олимлар арзимас маошга ишлагани сабабли илмга ёшларнинг кириб келиши, уни давом эттириши асосий муаммолардан эди. Бугун эса ёшларнинг ўзи илм-фанга қизиқиш билдирмоқда. Олимларнинг ойлик маоши ошган, илмий даражага эгаларига эса 30-60 фоизли устама тўланяпти.
— Фанлар академияси аъзолари ёшини яшартириш ишлари аллақачон бошланган, — дейди ФА бош илмий котиби, техника фанлари доктори, профессор Ғайрат Баҳодиров. — Бу борада қатор ташаббуслар амалга ошириляпти. Йигит-қизларни илмий изланишларга қизиқтириш, кенгроқ жалб этиш мақсадида чет элдан кўплаб замонавий ускуналар харид қилинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида замонавий ускуналардан самарали фойдаланишни ўрганиши учун ёшлар жаҳондаги илғор илмий марказларга малака оширишга юбориляпти. Шу билан бирга, “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан жаҳоннинг нуфузли илмий муассасаларида бакалавриат, магистратура, докторантура амалиёти йўлга қўйилди.
Олий таълим ва ундан кейинги таълим орасидаги стажёр-тадқиқотчилик институти қайта ташкил этилди. Бугун Фанлар академиясида стажёр-тадқиқотчиларга 100 та ўрин берилган бўлиб, ёшларга келгуси йили докторантурага кириш учун илмий тадқиқот усуллари, замонавий ютуқлар, чет тилни ўрганиш, ахборот технологияларини ўзлаштириш ва бошқа қўшимча тайёргарликлар кўриш учун шароит яратилди. Бу ҳам ёшларни илм-фанга жалб қилишнинг яна бир босқичи бўлиб хизмат қилмоқда. Шу омиллар сабаб, сўнгги беш йилда академия ҳузуридаги илмий марказларда ёшлар сони ортди. Уларни илмга кўпроқ жалб қилиш мақсадида энг илғор, иқтидорли йигит-қизларга юздан ортиқ хонадон имтиёзли асосда топширилди. Шундан 25 та уй интилувчан, илмий салоҳияти юқори докторантларга бепул берилди. Жорий йил 3 март куни кўп ўринли ётоқхона таъмирдан чиқарилиб, ёш оилали олимлар учун фойдаланишга топширилди.
Бугун юртимизда том маънода дунёга машҳур алломаларнинг издошлари етишиб чиқмоқда. Хусусан, илм йўлида изланаётган ёшларимизнинг бир қанчаси TWAS (Жаҳон фанлар академияси) академиясининг қатор мукофотларини қўлга киритган. Жумладан, ўзбек математикларидан 4 нафари Жаҳон фанлар академияси академиги, 6 нафари TWASнинг ёш олимлар бўлими аъзоси саналади. Сафимизга билимли, тиришқоқ ёшлар қўшилишда давом этяпти. Улар ўзбек илм-фанининг келажагидир.
Бир вақтлар юртимизда ишлаб, ҳозирда жаҳоннинг илғор марказларида фаолият юритаётган олимлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу борада “Эл-юрт умиди” жамғармаси муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Ёшларнинг барча харажати, хусусан, транспорт пули, турар жой масаласи, ўқиши учун шартнома маблағи жамғарма томонидан тўлаб берилади. Очиғи, ёшларга бундай ғамхўрлик ва эътибор 6 йил аввал тушимизга ҳам кирмаган.
Бугун чет элларда ишлаётган мутахассис ватандошларимизнинг тўрт нафари Фанлар академияси, В.И.Романовский номидаги Математика институтида ўриндошлик асосида фаолият кўрсатяпти.
Қолаверса, ёшларимизнинг илмий тадқиқотини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Уларнинг илмий изланиши асосида маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, олимларимиз моносилан ва поликристалл кремний олишнинг янги технологиясини яратишга муваффақ бўлди. Мазкур ишланма Ўзбекистон, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Тайвань ва Европа Иттифоқи мамлакатларида патент билан ҳимояланган.
2022 йилда илмий тадқиқотлар натижалари асосида халқаро “Web of Science”, “Scopus” базасидаги нуфузли илмий журналларда 500 га яқин илмий мақола чоп этилди. Етмишга яқин ўқув қўлланма, 200 га яқин монография тайёрланиб, шундан 20 таси хорижда нашр қилинди. 150 та илмий ишланмага патентлар ва дастурий маҳсулотлар учун гувоҳномалар олинди.
Академия олимларининг илмий ишланмалари бугун барча соҳадаги ихтироларга асос бўляпти. Биргина тиббиётни оладиган бўлсак, COVID-19, сурункали вирусли В ва С гепатитлари, бир қанча вирусли инфекциялар, кардиометаболик ўзгаришларда аутоиммун яллиғланиш ҳолатларини иммунташхислаш усуллари амалиётга татбиқ этилди. Маҳаллий ўсимликлар асосида яратилган элликка яқин оригинал дорининг ўндан ортиғи ҳозир амалиётда қўлланмоқда. Маҳаллий микроорганизмлар штаммлари асосида импорт ўрнини босувчи қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика биопрепаратларини тажриба тариқасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий изланишлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Хусусан, тармоқда замонавий молекуляр ва ген муҳандислиги технологиялари ёрдамида ғўзанинг “Порлоқ-7”, “Порлоқ-8”, “Равнақ-1”, “Равнақ-2”, “Барака”, “Саховат”, “Тафаккур”, “Бардош” ва “Заковат”, картошканинг “Бисёр”, соянинг “Сочилмас” ҳамда буғдойнинг “Баркамол” навлари яратилиб, тижорийлаштиришга йўналтирилди. Элита уруғни кўпайтириш мақсадида янги ғўза навлари 30 минг гектардан ортиқ, буғдой навлари 1000 гектардан ортиқ майдонларга экилмоқда.
Узум ва анор навларининг генетик паспорти яратилиб, in vitro усулида вируслардан холи ва соғломлаштирилган кўчатларни кўпайтириш технологияси йўлга қўйилди. Қирқдан ортиқ янги ўсимлик тури кашф этилди. Гулли ўсимликларнинг замонавий филогенетик тизимига асосланиб янги таҳрирдаги “Ўзбекистон флораси” китобининг 1-3-жилдлари нашр этилди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг 5-нашри ҳам чоп этилди. Доривор ўсимликларнинг интерактив атласи яратилди. ДНК штрих кодлаш технологиясидан фойдаланган ҳолда, юртимизнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган 4 туркумга мансуб 31 ўсимлик тури 60 та намунада баркодланди.
Шунингдек, олимлар томонидан ҳашаротларга оид “Orthoptera Info” маълумотлар базаси, “зоология коллекцияси”нинг тўлиқ электрон каталоги ва Ўзбекистон Миллий гербарийсининг виртуал кўриниши яратилди. Сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бино ва иншоотларнинг “Электрон техник паспорт” ахборот тизими ишга туширилди.
Майданак обсерваториясида ўзбек астроном олимлари жаҳонда биринчи бўлиб Катта Айиқ юлдузлар туркумида янги юлдузни рўйхатга олди. Самарқанд вилоятининг Кофирқалъа, Наманган вилоятининг Ахсикент, Жиззах вилоятининг Тошбулоқ, Сурхондарё вилоятининг қадимги Термиз ёдгорликларидаги археологик тадқиқотлар халқаро миқёсда эътироф этилди. Улар юртимизга сайёҳлар оқимини жалб этишга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда Россия Фанлар академияси, Беларусь ва Қирғизистон Миллий Фанлар академиялари, Хитой Фанлар академияси, Мўғулистон, Тожикистон каби давлатларнинг йирик илмий муассасалари билан халқаро илмий-техник алоқаларимиз сезиларли даражада мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида халқаро илмий ташкилотлар альянсининг таъсисчиларидан биридир.
Халқаро тадқиқот марказлари билан икки томонлама алоқалар кенгайиши натижасида Суффа юқори тоғ платосидаги РТ-70 радиотелескопи лойиҳаси қайта тикланди. Дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон — Хитой маркази очилиб, қатор институтларда Ўзбекистон — Хитой илмий-тадқиқот лабораториялари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
ЮНЕСКО, МАГАТЭ (Атом энергияси халқаро агентлиги), МААН (Фанлар академиялари халқаро уюшмаси) ва ТWАS халқаро ташкилотлари, Россия, Украина, Беларусь, МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатлар, Хитой, Жанубий Корея Фанлар академиялари билан самарали ижодий ҳамкорлик ўрнатилган. Турли мамлакатлардаги нуфузли илмий даргоҳлар билан икки томонлама манфаатли битимлар тузилган.
Жумладан, 2017 йилнинг ноябрь ойида Россиянинг “Росатом” давлат атом энергияси корпорацияси билан ядро энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бир қатор давлатларнинг Фанлар академиялари билан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича битим амалга ошириб келиняпти. Жумладан, Жанубий Корея билан ҳамкорлик доирасида Майданак обсерваториясида тарқоқ юлдуз ғужлари ва яқин галактикалардаги фаол жараёнларни кузатиш мақсадида элликдан ортиқ оқшом фотометрик кузатувлари олиб борилди. Ҳамкорликнинг муҳим ютуғи ўлароқ, 2017 йилнинг май ойида янги юлдуз топилиб, “SN 2017ein”, деб номланди.
2020 йилда Ўзбекистон Республикаси биохилма-хиллик бўйича Глобал ахборот портали уюшмаси аъзоси бўлди. Шунингдек, Россиядаги Ядро тадқиқотлари бирлашган институти аъзолигини қайта тиклашга эришди.
Эътиборлиси, мазкур жараёнларда ёшларнинг фаоллиги сезиляпти. Бугун ўзбек илм-фанининг муносиб ворислари, билимга чанқоқ янги авлоди етишиб келмоқда. Уларнинг жаҳон майдонида ҳам айтиб келаётган ўз сўзи бор. Мана шундай ёшлар бугунги Ўзбекистоннинг ёрқин келажагидир.