Учрашув давомида АКТ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик, соҳалари ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Шерматов ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишда соҳадаги ишларни ҳамкорликда амалга оширишни алоҳида таъкидлади.
Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ёшинори Фужияма Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси ривожига қаратилаётган катта эътибор ва интилишни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у икки мамлакатни бирлаштириб турувчи омилларни санаркан, Ўзбекистон бозорига қизиқиш тобора ортиб бораётганини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 сентябрда қабул қилинган «Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония тижорат банки иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув давомида томонлар ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва Япония ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.