Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқларига асосан, Ҳукумат фармойиши билан Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида ташкил этилган махсус комиссия кеча, 4 апрель куни Қозоғистон Республикаси Актобе областига етиб борди.
Махсус комиссия аъзолари Қозоғистон Республикасининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашиб, белгиланган ташкилий ва амалий тадбирларни ҳамкорликда олиб боришди. Шундан сўнг Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус бортида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган фуқаролар Қозоғистон Республикасидан 5 апрель куни соат 03:00 ларда Сурхондарё вилоятидаги “Термез” халқаро аэропортига олиб келинди.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.