Қонун ривожланган хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ)нинг тавсиялари асосида тайёрланган.
Жумладан, Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳам ҳисобварақ очиб, қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқини берилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Фуқаролик кодексига унитар корхонани бошқариш органи сифатида кузатув кенгашини жорий этиш мумкинлиги киритилаётган бўлиб, ушбу норманинг амалга жорий этилиши унитар корхона ва унинг эгалари манфаатлари йўлида фаолият юритилишини ҳамда корхона раҳбари фаолияти устидан самарали назоратни ўрнатилишини таъминлайди.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонундан акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (“олтин акция”) бекор қилинаётган бўлиб, унинг бекор қилиниши йирик салоҳиятли инвесторларнинг хусусийлаштириладиган корхоналарга бўлган қизиқишини ортишига ижобий таъсир этади.
Шунингдек, корхоналарни ўрта ва узоқ муддатли (3-5 йиллик) ривожлантириш стратегиясини амалга оширилиши таъминлаш орқали уларни корпоратив бошқарувнинг самарадорлигини ошириш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатлари муддатини бир йилдан уч йилгача узайтириш белгилаб қўйилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни корхонани бошқаришдаги ролини ошириш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини камайтириш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунларда миноритар (5 фоизга эга) акциядор (иштирокчи)ларга аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилмоқда.
Умуман Қонун давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришда корпоратив бошқарувнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали уларни самарадорлигини янада оширишга ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг асосий инфратузилма объекти ҳисобланган Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини такомиллаштирилишини таъминлайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати