Сўнгги вақтларда халқаро террористик гуруҳлар ўзларининг қўпорувчилик ва бузғунчилик мақсадларини амалга ошириш учун маблағ йиғишнинг янги усулларидан фойдаланмоқда.
Улар халқимизга хос саховат ва меҳр-шафқат қадриятларини суиистеъмол қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали турли эълонлар тарқатмоқда. Жумладан, чет давлатлардаги можароли ҳудудларда, айниқса Ғазо сектори да азият чекаётган аҳолига ёрдам бериш баҳонасида ёки хориждаги ногирон аёллар ва болаларга кўмак кўрсатиш ниқоби остида пул йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Афсуски, айрим фуқаролар бундай эълонларга ишониб, видеолар ва тасвирлар таъсирида «савоб иш қиламан» деган ниятда кўрсатилган ҳисоб рақамларига пул ўтказмоқда.
Бироқ ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур маблағлар аслида муҳтож инсонларга ёрдам сифатида эмас, балки бегуноҳ одамлар ҳаётига хавф солаётган террористик гуруҳлар қўлига тушмоқда.
Азиз ватандошлар, эҳтиёт бўлинг! Яхши ният билан қилинган ҳаракатларингиз орқали билмасдан жиноий фаолиятни қўллаб-қувватлаб қўйишингиз мумкин.
Шунингдек:
- бегона шахсларнинг сизнинг номингизга банк картаси, криптоҳамён ёки ҳисоб рақами очиш ҳақидаги таклифларига асло рози бўлманг;
- шахсий маълумотларингизни номаълум шахсларга берманг;
- шубҳали хайрия эълонларини текширмасдан пул ўтказманг.
Унутманг, террорчиликни ҳар қандай шаклда қўллаб-қувватлаш, жумладан молиявий ёрдам кўрсатиш Терроризмни молиялаштириш сифатида баҳоланади ва 15 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳушёрлик ва онглилик — хавфсизликнинг энг муҳим кафолатидир.