Айрим оталар фарзандларининг моддий таъминотига эътибор бермасдан турли баҳоналар билан ўзларини олиб қочишмоқда. Карантин даврида кимдир қайсидир амаллари билан жамиятдаги муҳтож оилаларга ёрдам бераётган бўлса, Навбаҳор туманида яшовчи Ф.Ходиев каби отанинг ўз мажбуриятини унутиб қўйганлигини қандай изоҳлаш мумкин.

Хусусан, бюронинг Навбаҳор тумани бўлими иш юритувига келиб тушган, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 24.01.2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан, жавобгар Ф.Ходиевдан ундирувчи Д.Элмуродова фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 1/4 миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздорга бир неча бор расмий огоҳлантиришлар берилган, бу мажбуриятдан қочиб бўлмаслиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунга қарамасдан алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги оқибатида, Ф.Ходиевга нисбатан МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазо чораси қўлланилган.

Қарздор Ф.Ходиев бу жазо чорасидан тегишли хулоса чиқармасдан алимент пулларини тўлашни яна пайсалга солиб келди.

Давлат ижрочисининг алиментни ҳисоблаш тўғрисидаги қарори билан унинг қарздорлиги 01.07.2020 йил ҳолатига 8 млн. сўмни ташкил этганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.

Жамиятда бир фарзанднинг моддий таъминотдан узилишига масъулиятсиз отанинг бу қилмиши сабаб бўлди.

Мажбурий ижро бюроси

Навбаҳор туман бўлими