Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлса-да, қарздор ота томонидан алимент пуллари турли хил алдов йўллари билан тўлашдан қасддан бўйин товлаб келинган.
У.Жўраев 14 миллион 774 минг сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун аввалига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган қарздор отага нисбатан Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида муҳокама қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан кўриб чиқилган мазкур жиноят иши бўйича У.Жўраевнинг собиқ турмуш ўртоғи Д.Шарипова очиқ суд мажлисида иштирок этиб, 2010 йилда оила қурганлигини, орадан кўп вақт ўтмасдан уни ота-онасини уйига ташлаб кетганлигини ва бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўламасдан келаётганлигини, оғир шароитда ота-онасини уйида яшаб келаётганини билдирди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилди ҳамда У.Жўраев ЖКнинг 122-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир етганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан бир йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.