Наманган вилоят прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида алимент тўловларини ундириш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тадбирлар давомида фарзанди моддий таъминотидан бўйин товлаб, яшириниб юрган қарздор оталар топиляпти. 

Наманган вилоят прокуратураси ҳамда МИБ Наманган вилоят бошқармаси берган маълумотларга кўра, бугунги кунда алимент қарздорликни бартараф этмаган 206 нафар фуқарога нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 56 нафарини топиш чоралари кўрилди. Қидирувдагилардан 112 млн. 800 минг сўм алимент маблағи ундирилди. 5 нафар қарздор оталарга маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиб, қамоқ жазоси қўлланилди.

Н.А. нима бўлди-ю, оиласи билан ажрашиб кетади. Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2018 йилдаги қарори билан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Бироқ, у фарзанди учун алимент тўламасликнинг турли йўлларини излайди. Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳаракатлар давомида қарздор кўрсатилган яшаш манзилда яшамаслиги аниқланади. Унга нисбатан 2020 йилнинг 27 январь куни қидирув эълон қилинади. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида қарздор жорий йилнинг 26 март куни топилиши таъминланди. Ҳозирда алимент қарздорлигини ундириш ва жавобгарлик масаласини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Қидирувга берилган шахсларни аниқлаш ва топиш бўйича вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилаётган тарғибот ва қидирув тадбири давомида бевосита профилактика суҳбатлари ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, Наманган туманида яшовчи, қидирувга берилган Ғ.Ж хонадонида унинг отаси билан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бу каби тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.