“Сарви гулнинг соясинда сўлди гул, нетмоқ керак?”
“Сарвидин тобут ясаб, гулдан кафан бичмоқ керак”.
Ушбу сатрлар Навоий ва Ҳусайн Байқаро ўртасидаги ёзишма. Унда Навоий маликанинг вафоти ҳақидаги шумхабарни шу тарзда, ўта эҳтиёткорона усулда шоҳга етказади. Оқибатда уни етказган чопарнинг боши омон қолади. Бу ўринда Навоийнинг зукколиги, маҳорати, дипломатиясига қойил қолмай илож йўқ.
Куни кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бўлиб ўтган илмий-адабий тадбирда ҳам ҳазрат Навоийнинг ана шундай нодир фазилатларига эътибор қаратилди.
Университет ректори Комилжон Каримов қутлуғ сана билан барчани табриклаб, Алишер Навоийнинг фаолиятига бағишланган илмий мақолалар танловида ғолиб бўлган талабаларни тақдирлади.
Шундан сўнг университет профессор ўқитувчилари, талабаларининг маърузалари тингланди. Навоий ҳаётига бағишланган кўргазмали чиқишлар, “Навоий дипломатияси”, “Навоий ва иқтисод” каби мавзуларда чиқишлар қилинди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси, шоир Азиз Саид, “Саодат” журнали бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова эса Навоий ижодини ўрганиш, унинг бугунги адабий ҳаётимиздаги ўрни мавзуида сўзлади.
Тадбир якунида университетга Ёзувчилар уюшмаси томонидан бадиий китоблар совға қилинди.
Наргиза АСАДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими