Мазкур китоб таниқли ижодкорлар Ошиқ Эркини ва Янгибой Қўчқоров томонидан тайёрланган.  

Буюк мутаффакир, ғазал мулкининг султони Низомиддин Ғиёсиддин ўғли Мир Алишер Навоий ҳазратларининг мафтункор ғазалларига биринчи мухаммасларни ўз дўсти, темурийлар салтанати тахти соҳибларидан бири Султон Ҳусайн Бойқаро боғлаган эди. Шундан буён даҳо шоир ғазалиётига минглаб мухаммаслар ёзилди.

Янги китобга замонавий ўзбек шеъриятининг катта авлодига мансуб Ҳабибий, Чархий, Ғафур Ғулом, Чустий, Собир Абдулла, Восит Саъдулла, ўрта авлодга мансуб Душан Файзий, Жуманиёз Жабборов, Ўлмас Жамол, Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Тўлан Низом, кейинги авлод вакилларидан Абдулла Орипов, Омон Мухтор, Муҳаммад Али, Шафоат Термизий, Комил Аваз, Омон Матжон, Ҳаётхон Ортиқбоева, Фарид Усмон, Исмоил Маҳмуд, Усмон Азим, Хосият Бобомуродова ҳамда поэзиямизнинг янги бўғинига мансуб истеъдодли шоирлардан Сирожиддин Саййид, Амир Худойберди, Зикрилла Неъмат, Замира Рўзиева, Ўктамой Холдорова, Хаёла (Руқия Ғозиева), Хуршида Ваҳобжон қизи, Сайёра Самандар ва бошқа ижодкорларнинг мухаммаслари жамланган.

Эътиборли жиҳати шундаки, тўпламдан Қозоғистонда таваллуд топган ажойиб шоира Соатой Камол қизи, қирғизистонлик таниқли шоир Муғанний (Ғанижон Холматов), тожикистонлик истеъдодли ўзбек шоири Жамшид, туркман диёрида туғилган, иқтидорли ўзбек шоири, драматурги, романнависи бўлиб етишган Қурбон Муҳаммадризо мухаммаслари ҳам ўрин олган.