Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг бузиб ташлангани ҳақида маълум бўлиши билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳлар олиш мақсадида Афғонистон ҳукумати вакиллари билан билан тезкор равишда боғланди.

Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган. Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирди.

Бундан ташқари Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда, унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади.