Ҳар ойда бир марта нашр этиладиган «The Washington Diplomat» газетаси 120 мингдан зиёд ўқувчига эга. Нашрнинг таъкидлашича, ўзбек ва туркий халқларнинг буюк мумтоз шоири Алишер Навоий номи билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Тошкентдаги метро станцияси, халқаро аэропорт, мамлакатнинг ҳудуди катталиги иккинчи йирик минтақаси, шунингдек, Меркурий сайёрасидаги кенглиги 66 километр бўлган кратер аталган.
Мақола муаллифи «1989 йилда ўзбек халқининг жасорати ва интилишлари ўша давр учун имконсиз бўлган нарсани амалга оширди, яъни ўзбек тили расмий давлат тили сифатида эътироф этилди. Бу ўша пайтда собиқ иттифоқ таркибига кирган мамлакат учун тасаввур қилиб бўлмас қадам эди», деб таъкидлайди.
Материалда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йил Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди, унинг мақсади буюк шоир ҳаётини ўрганиш ва меросини оммалаштиришга эътибор қаратилган. Шунингдек, Навоий туғилган ва унинг хоки поки қўйилган Ҳирот шаҳридаги (Афғонистон) буюк шоир мақбарасида реставрация ишларини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.
Материалда таъкидланишича, Алишер Навоий шахси кўп қиррали бўлиб, у нафақат шоирлар, олимлар ва рассомларни қўллаб-қувватлаган адабиётшунос сифатида, балки буюк тасвирий санъат устаси, кўплаб мактаблар, касалхоналар, меҳмонхоналар, йўллар ва каналлар, кўприкларнинг меъмори сифатида ҳам ном қозонган.
Нашр, шунингдек, ўз ўқувчиларини Навоий ҳаёти ва ижоди, асарлари билан батафсил таништиради. Буюк шоирнинг ғазаллари ва рубоийларининг юксак тарихий ва маданий аҳамиятини таъкидлайди, деб хабар беради «Дунё» АА.