Бирор вилоятга зарур қўнғироқни амалга оширмоқчи бўлсангиз, боғлана олмай  "Ало-о, Бухоро-о" деб хуноб бўлсангиз, энг аввал алоқа операторларига "раҳмат"лар ёғдирасиз. Сезганингиздек, бу сафар Бухоро вилоятида алоқа операторларининг  ишлаши бўйича мониторинг натижаларини таҳлил қиламиз.  Демак, бошладик!

Бухоро тумани

15 та маҳалладан ташкил топган туманнинг мобил алоқа ҳолати афсуски, ҳавас қиларли даражада эмас, фақатгина “Галаосиё ” ва  “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида барча компания алоқа ҳолати талабга жавоб беради. Аммо қолган 13 та маҳаллада алоқанинг даражаси паст.

Когон тумани

Туманликлар мобил алоқа сифатидан ёлчимаган кўринади. Аммо “Беклар” ва “Истиқбол” маҳаллаларида Ucell алоқа оператори аъло даражада ишлайди. Аммо қолган маҳаллаларда сифат даражасини ошириш лозим.

UZMOBILE ҳам ҳар қалай иккита, “Беклар” ва “Ўба чўли” маҳаллаларида  ишлаб турипди, қолганида эса мавжуд эмас.

BEELINE компаниялари эса ҳеч бир маҳаллада алоқага чиқмайди.

MOBIUZ алоқа оператори  “Хўжа якшаба” маҳалласига беминнат хизматда-ю, қолганларига қўл силтаб қўйгандек.

Когон шаҳар

Аниқланишича, 6 та маҳалладан ташкил топган ушбу мўжаз шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларда  PERFECTUM  мобил алоқа оператори мутлақо мавжуд эмас.

«Махтумқули» маҳалласида UZMOBILE , BEELINE , UCELL алоқа операторлари томонидан мижозларга кўрсатилаётган хизмат   қониқарсиз ҳолатда.

«Бобуршох» маҳалласида  MOBIUZ,  UCELL алоқа операторларидан ташқари барча компания хизматлари талаб даражасида эмас.

«Амиработ» маҳалласи ҳудудида эса  фақатгина  MOBIUZ ишлаш сифати юқори, қолган алоқа хизматлари мутлақо суст.

«Зирабод» маҳалласи ҳудудида эса  BEELINE  нинг ишлаши талаб даражасида эмас.

«Беруний» маҳалласида BEELINE ва UCELL мобил алоқа операторлари фаолияти сифатини ошириши зарур.

«Турон» ҳудудида эса барча мобил алоқа компаниялари хизматлари сифациз эканлиги кузатилди.

Жондор тумани

Турли асаббузар қўнғироқлардан хуноб бўлганлар учун Жондор тумани жуда мақбул жой.  Сабаби 7 та маҳалланинг ҳеч бирида алоқа ҳолати яхши эмас!

Олот тумани

Бу ҳудуддаги ҳолат бирмунча мўтадил.  Ишламайдиган алоқа компаниясидан кўра ишлайдигани кўпроқ. Аммо аъло деб айта олмаймиз. Сабаби, “Кирлишон” ва “Халқобот” МФЙ (маҳалла фуқаролар йиғини)да MOBIUZалоқа операторига умуман уланишнинг имкони йўқ.

UCELL эса туманликларнинг кўнглидан жой олгани аниқ. Чунки деярли барча маҳаллада ҳолат мақтагулик.

“Нуробод”, “Пикочки”, “Давлатбой”, “Оқолтин”, “Маърифат” ва “Жайҳунобот” маҳаллаларида UZMOBILE алоқа ҳолати суст.

PERFECTUM эса 38 та маҳалланинг 21 тасида яхши ишлайди қолганларида талабга жавоб бермайди.

BEELINE эса фақат 8 та МФЙ да қониқарли эмас. Қолганларида ишлаб турипди.

Қоракўл тумани

Қоракўлликларнинг мобил алоқалардан кўнгли тўқ. Барча маҳалладаги алоқа мувофиқ тарзда йўлга қўйилган.

Шофиркон тумани

35 та маҳалладан иборат ушбу улкан туманда PERFECTUM ва MOBIUZ алоқа операторларининг мутлақо ишламаслигидан компаниянинг ўзи хабардормикин  деган табиий савол туғилади? Агар сиз ушбу компаниялардан бирининг мижози бўлсангиз Шофирконга ташрифингиз унчалик ҳам кўнгилдагидек бўлмайди деб қўрқамиз.

Ғиждувон тумани

Бу туманда ҳам шу аҳвол. PERFECTUM Ғиждувонликларни ҳам четлаб ўтган кўринади. Ҳеч бир маҳаллада алоқа йўқ. MOBIUZ эса деярли туманнинг ярмига хизмат кўрсатмайди (20 та МФЙ дан 11 тасида мавжуд эмас). Қолган компания мобил алоқалари ҳарқалай тузук.

Ромитан тумани

Ромитанликлар ҳам PERFECTUM нинг беписандлигидан хурсанд эмас. 49 та маҳалладан ташкил топган туманнинг 31 тасида алоқа йўқ.  Саноқли учта маҳаллада яхши ишлайди. Аммо қолганларида суст. MOBIUZ эса учта маҳаллада мавжуд эмас. Қолганларида ҳарқалай бор.

UCELL иложи борича ромитанликларни рози қилишга уриняпти, деярли барча маҳаллада алоқа  мавжуд. Аммо “янада яхшироғини ” кутиб қоламиз. Қолган компаниялар ҳам сифатга эътибор қаратишлари зарур.

Пешку тумани

“Тошмачит” ва “Урганжиён” маҳалла фуқаролар йиғинида UZMOBILE ва MOBIUZ яхши ишламайди. PERFECTUM эса мавжуд эмас. Қолганлари эса талабга жавоб беради.

Қоровулбозор тумани

4 та маҳаллани ўз ичига олган бу ихчам ҳудудда деярли ҳеч бир компания алоқаси яхши ишламайди.

Бундай ҳолатларга балки халқимиз кўникиб қолгандир. Аммо, бефарқлик ва атрофдаги нарсаларга хотиржам муносабатда бўлиш тараққиётнинг айнан кушандаси ҳисобланади. Мобил алоқа компанияларидан эса вазифасига нисбатан янада виждонан  ёндашишини кутиб қоламиз.

Азиза Хўжакелдиева,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси