Конференция инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида
таълимга муҳтож болаларга сифатли таълим ва тарбия беришнинг самарали
механизмларини ишлаб чиқиш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш, халқаро
ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб
таълими вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси
бошқармаси вакиллари, институтнинг ҳамда республикамизнинг илғор олий таълим
муассасалари, илмий марказлари билан бирга Россия Федерацияси А.И.Герцен
номидаги Россия давлат педагогика университети, Москва халқаро мактабгача
педагогика академияси, К.Д.Ушинский номидаги Ярославл давлат педагогика
университети, Қозоғистон Республикаси Абай номидаги Қозоқ миллий педагогика
университетидан профессор-ўқитувчилар, олимлар иштирок этиб, ўз маърузаларини
ўқиди.
Конференцияда инклюзив таълимни жорий этишнинг долзарб
масалалари, махсус педагогика ва дефектология соҳасидаги замонавий ёндашувлар,
рақамли технологияларнинг таълим жараёнига интеграцияси, шунингдек,
психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш масалалари кенг
муҳокама қилинди.
Шунингдек, конференция доирасида секция йиғилишлари
ташкил этилиб, унда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш, инновацион метод ва
технологияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Тадбир якунида конференция резолюцияси қабул қилиниб,
унда алоҳида таълимга муҳтож болалар учун ўқитиш сифатини ошириш, уларнинг
ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш, педагог кадрлар малакасини ошириш ҳамда
илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантиришга йўналтирилган долзарб вазифалар
белгилаб олинди.
Минажатдин
ҚУТЛЫМУРАТОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.