Сўнгги кунларда қишнинг қаҳратони янада кўпроқ сезилаётган вақтда кўчадаги совуқни совуқ, қалин қорни қор, демай аҳоли учун қулайликлар яратишга, сифатли хизматни таъминлашга барча имкониятларни сарфлаётган касб эгаларини фидойилар, дейишимиз мумкин. Уларнинг меҳнатини эътироф этмай илож йўқ.

Телефонингиз ишлаяптими, яқинларингиз билан алоқа борми, телевизорингиз кўрсатиб, радионгиздан сиз учун ёқимли тароналар тараляптими, Интернет орқали янги Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлаётган охирги янгиликлардан воқиф бўлиб боряпсизми, демак, улар иш жойида!

Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг тизимидаги алоқа учун масъул корхона ва ташкилотлар ходимлари мамлакатимизнинг турли бурчакларига ўрнатилган телерадиоузатиш ва мобил стансияларнинг созлигини таъминлаш учун қаҳратон қишда ҳам ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда меҳнат қилмоқда:

— Навбатчи бригадалар томонидан база стансияларни электр токи билан таъминлашни доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.

— Зарурат туғилса, қўшимча аккумуляторлар ва дизел генераторлар ишга туширилмоқда. Фойдаланилаётган оддий дизел ёқилғисига махсус аралашмалар қўшилмоқда, — шунинг учун ҳам улар экстремал даражадаги паст ҳароратда ҳам “яхлаб қолгани” йўқ.

— Нафақат қиш кунлари, балки ҳаво очиқ кунларда ҳам етиб бориш қийин, ҳатто мумкин бўлмаган ҳудудларда тезкор хизматлар фаолияти учун тўлиқ приводли автомобиллар ёрдам бермоқда.

Ноқулай об-ҳаво ва йўлда ҳаракатланиш учун шароитлар ҳар қанча мураккаб бўлмасин, фидокорлик билан хизмат қилаётган жамоаларга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Айнан ушбу ходимларнинг ҳаракати туфайли Ўзбекистон аҳли яқинлари билан алоқада қолмоқда ва Интернет хизматларидан фойдаланишмоқда, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги Ахборот хизмати берган маълумотда.