Ушбу факт мамлакатимизда соҳа бўйича олдимизга қўйган мақсадлар сари илдам қадамлар билан бораётганимизни билдиради. Соҳада аниқ режа ва стратегиялар асосида тизимли янги ташаббус ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
“Рақамли Ўзбекистон — 2030”, “Ўзбекистон — 2030”, “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш” стратегияларида 2030 йилга қадар юртимизни мазкур рейтингда дунёдаги энг илғор 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган. Шунингдек, сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтдаги рақамлар бу мақсадларга эришиш учун тўлақонли имкониятга эга эканимиздан далолат бермоқда.
Шунингдек, бу борада бир қатор ривожланган давлатлар, турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинаётгани соҳанинг изчил ривожланишига хизмат қилмоқда. Илғор тажриба ва замонавий ёндашувларни ўрганиш мамлакатимизда сунъий интеллект соҳасини тараққий эттиришнинг устувор йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилоти — WAICOга таъсисчи давлатлардан бири сифатида қўшилиши юртимизнинг глобал AI ҳамжамиятидаги иштирокини янада кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ташаббуслари ҳам соҳада минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. Жорий йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитда давлатимиз раҳбари ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сунъий интеллект бўйича стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш зарурлигини таъкидлади. “Рақамли туркий коридор” концепциясини ишлаб чиқиш ва Тошкентда технологиялар форумини ўтказиш таклифи эса бу ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитишга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон соҳадаги энг илғор давлатлардан бири — АҚШ билан ҳамкорликда бир қатор янги ташаббус ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Жумладан, яқинда “Рақамли ҳукумат” дата марказида АҚШнинг “NVIDIA” технологиялари асосидаги суперкомпьютер ишга туширилди. У қуввати бўйича жаҳон рейтингида 321-ўринни эгаллади. Бир ой ичида кластер юкламасининг 90 фоизга етгани мамлакатимизда ҳисоблаш қувватларига талаб юқори эканини кўрсатмоқда. Айни пайтгача мамлакатимизда 24 миллион долларлик замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилган бўлса, келгусида бу ишга 70 миллион доллар йўналтирилади.
Шунингдек, турли ҳудудларда, масалан, Қорақалпоғистонда, Фарғона, Тошкент ва Бухоро вилоятларида хорижий инвесторлар ҳамкорлигида дата марказлар барпо этилмоқда.
Янги олам
Сунъий интеллект экотизими ривожлантирилмоқда деган ибора ишлатилганда айрим одамлар энди Ўзбекистонда ҳам “ChatGPT”, “Deepseеk”га ўхшаган дастурлар бўлади деб ўйлайди. Аммо экотизим яратиш шунчаки бир дастур ёки технологияни ишлаб чиқиш дегани эмас. Албатта, бундай дастурлар тайёрлаш ҳам экотизимнинг бир бўлаги, аммо уни тўлиқ ифода этолмайди. Сунъий интеллект экотизимини тушуниш учун, аввало, экотизим ўзи нима эканлигини билиш зарур. Масалага экотизимнинг табиат қонуниятларидан бири — озуқа занжири орқали қарайлик. Яъни озуқа занжирида ўсимлик, ўтхўр ва йиртқич ҳайвонлар ҳамда парчаловчи микроорганизмлар яна ўсимликка айланади. Ҳар бир бўғин кейингиси учун тамал тоши вазифасини ўтайди. Бир-бирини ҳосил қилади.
Давлат миқёсидаги сунъий интеллект экотизими ҳам шундай: кучли AI модели + тўлиқ рақамлаштирилган давлат + рақамли ID + API экотизими + тўлов инфратузилмаси + киберхавфсизлик тармоқларининг биргаликда ривожланиши. Оддий қилиб айтсак, сунъий интеллект ривожланиши учун, аввало, маълумотлар рақамлаштирилиши керак. Бунинг учун йирик ҳажмли маълумотларни сақловчи серверлар, дата марказлар, уларни ҳаракатлантирувчи ҳисоблаш тизимлари бўлиши зарур. Шу жиҳатдан олиб қараганда, экотизим яратиш учун ҳеч бир йўналишни эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Бугун замонавий дунёда янги, “виртуал олам” шаклланяпти. Дунё давлатлари бу оламда ўз ўрнига эга бўлиш учун бор ғайрат-шижоатини ишга солмоқда. Чунки “рақамли иқтисодиёт”, “электрон ҳукумат”, “онлайн гиг иқтисодиёти” каби тушунчалар бугун мамлакатнинг қай даражада тараққий этганини билдиради. Айниқса, кейинги йилларда сунъий интеллектнинг оммалашиши бу жараёндаги рақобатни янада кучайтирди.
Хўш, айни пайтда рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни қанчалик кенгайиб бормоқда? Охирги беш йилда соҳадаги ялпи қўшилган қиймат ўртача 24,8 фоиз ўсиб, мазкур кўрсаткич ялпи ички маҳсулотдаги ўсиш суръатларидан 3,5 баробар юқори бўлган.
Сунъий интеллект ва рақамлаштириш бугунги кунда фақат технологик янгиланиш эмас, балки иқтисодиёт самарадорлиги, давлат бошқаруви сифати, хизматлар қулайлиги, экспорт салоҳияти ва мамлакат рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик йўналишдир.
Сунъий интеллектнинг кенг қамровли ривожланиши соҳалар қанчалик рақамлаштирилганига боғлиқ. Бу жараёнлар бир-бирини тўлдиради ва узвий равишда тараққий этиб боради.
Ўзбекистонда бу борада барча тармоқларда жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлат хизматларини электрон тартибда кўрсатиш кенгаймоқда. Соғлиқни сақлаш, ички ишлар, олий таълим, суд тизими ва бошқа барча соҳаларда рақамлаштириш жараёни шиддат билан олиб бориляпти.
Глобаллашув ва рақамли трансформация даврида инсоният ҳаётининг деярли барча соҳалари интернет майдонига кўчмоқда. Илгаригидек қоғоз ҳужжатлар, навбатлар ва ҳисоб-китоблар ўрнини энди электрон тизимлар, рақамли хизматлар ва мобил иловалар эгаллади. Таълим, тўловлар, ҳатто тадбиркорлик фаолияти ҳам онлайн режимда йўлга қўйилмоқда.
Бу жараён инсонларга қулайлик яратиш билан бирга иқтисодиёт учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Биргина электрон тўлов тизимлари, рақамли банк хизматлари ва электрон савдо платформалари иқтисодий фаолликни оширмоқда. Натижада давлат хизматлари фуқаролар учун янада шаффоф ва қулай шаклга айланмоқда.
Тиббиёт соҳасини оладиган бўлсак, “электрон навбат”, “электрон рецепт” ва бошқа бир қатор хизматлар йўлга қўйилди. Рақамлаштириш натижасида тизим фаолияти янада шаффофлашди.
Барча соҳаларда сунъий интеллект иштирокини кўпайтиришга ҳам ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлашда инсульт ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, тиббий кўрик жараёнларини автоматик баёнлаштириш, рақамли тиббий ёрдамчи дастурларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини прогноз қилиш, фитосанитар хавфлар бўйича фермерларнинг хабардорлигини таъминлаш, яйловлар ҳолатини мониторинг қилиш, транспорт соҳасида йўл қопламалари ва темир йўл инфратузилмасини мониторингини ўтказиш, ҳайдовчини хавфли вазиятлардан огоҳлантириш, “ақлли” транспорт тизимларини ривожлантириш каби лойиҳалар кенгайтириляпти. Банк тизими фуқаролар билан мулоқот, шахснинг кредит тарихини аниқлаш хизматларида сунъий интеллектдан фойдаланмоқда.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизгача етказиш ҳамда давлат хизматларини “3 қадам”, “фойдаланувчи учун мослаштирилган”, “барчаси бир мобил иловада” тамойиллари асосида рақамлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, “Рақамли ҳукумат” тизими орқали барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш, фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши учун мурожаат қилишида ариза ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартибларни бекор қилиш, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизим яратиш мақсад қилинган.
Тўртинчи саноат инқилоби
Халқаро майдонда сунъий интеллектга шундай таъриф берилади. Ростдан ҳам у кириб бормаган соҳа йўқ ҳисоб. Банк-молия, адлия, соғлиқни сақлаш, таълим ёки бошқа қайси йўналиш бўлмасин, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилса, ўзининг энг юқори даражасини намойиш қилмоқда.
Сунъий интеллект нафақат соҳалар, давлатлар тараққиётини янги босқичга кўтармоқда, балки ўзи ҳам такомиллашиб боряпти. Энди сунъий интеллект дастурлари фақатгина маслаҳат бериш билан чекланмаслиги зарур. Улар буйруқларни бажарувчи, яъни катта ҳаракат модели (LAM)га айланиши талаб этилмоқда. Бундан буён одамларга фақатгина маслаҳат берадиган чатботлар эмас, уларнинг ўрнига ишларини бажарадиган технологиялар керак. Бунинг учун эса сунъий интеллект экотизими яратилган бўлиши зарур.
Ўзбекистон соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлари билан айни шу мақсад сари ҳаракат қилмоқда. Дунёда бундай тўлақонли экотизимга эга давлатни мисол келтириш қийин. Боиси, сунъий интеллект технологияларини яратиш бўйича етакчи мамлакат — АҚШда ҳам тармоқлар тўлиқ рақамлаштирилгани билан интеграция қилинмаган. Сингапур, Эстония каби давлатлар эса энг мукаммал марказлашган тизимга эга, соҳалар рақамлаштирилган, аммо сунъий интеллект технологиялари мукаммал эмас.
Умуман олганда, юртимиздаги сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, янгидан янги лойиҳа ва ташаббуслар янги Ўзбекистон мукаммал сунъий интеллект экотизимига эга бўлиши учун қўйилаётган муҳим қадамлардир.
Санжар ЭШМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири