Баҳодир Саримсоқов иш фаолиятини 1970 йили ЎзРФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида бошлаган бўлса, умрининг охиригача шу даргоҳда муқим ишлаган. Дастлаб лаборант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, фольклор бўлимининг етакчи илмий ходими, шу бўлимнинг бош илмий ходими, “Адабиёт назарияси” бўлими мудири лавозимларида фаолият юритди.

Профессор Баҳодир Саримсоқов ўзбек фольклоршунослиги, мумтоз адабиёти, адабиёт назарияси, атамашунослик ва адабий жараёнга доир салмоқли тадқиқотлар яратди. Жумладан, олимнинг  “Ўзбек адабиётида сажъ”, “Ўзбек маросим фольклори”, “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” каби асарлари ҳамда “Фольклор ва адабиёт муносабатлари масаласига доир”, “Халқ мақоллари ҳақида”, “Алпомиш эпоси ҳақида уч этюд”, “Фольклоризмлар типологиясига доир”, “Эпик жанрлар диффузияси” сингари мақолалари ўзбек фольклоршунослигида янгича назарий талқинлар сифатида намоён бўлади.

Олимнинг «Алишер Навоий поэтик синтаксисидаги бир усул хусусида», «Алишер Навоий шеъриятида ғазал-мулоқот шакллари», “Алишер Навоий ва шеърий мезонлар масаласи”, “Бадиий ижоднинг икки асоси” (Ўзбек фольклоршунослиги масалалари. Т.2006.) каби мақолаларида мумтоз шеъриятимиздаги шеърий кононлар, уларнинг адабий жараёнда қарор топиши, Навоий шеъриятидаги поэтик синтаксис ва ғазал-мулоқот шакллари, бадиий ижоддаги мимисес ва матезис масалалари ўзига хос тарзда тадқиқ этилган.

Шунингдек, адабиётшунослик назариясига оид “Бадиийлик асослари ва мезонлари” асари, “Тўртинчи адабий тур”, “Адабий турлар ҳақида мулоҳазалар”, “Паремик кечинма табиати” каби мақолалари бадиий адабиётда анъанавий лирик, эпик ва драматик турлардан ташқари паремия деб аталувчи тўртинчи адабий тур мавжудлигини асослашга қаратилган.

Олимнинг адабий жараён муаммоларига бағишланган “Муҳаббатга фидо шеърият”, “Лирикада бадиий тафсил”, “Абсурд маънисизликдир”, “Мустақиллик даври ўзбек шеърияти” (давра суҳбати), “Ҳозирги ўзбек шеърияти тараққиёт тамойиллари” (Э.Очилов билан мулоқот) каби мақолаларида адабий жараёнга доир энг долзарб муаммолар хусусида фикр юритилган. Унинг адабиётшунослик илмидаги яна бир улкан хизмати “Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати” асаридир.

Профессор кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш билан бир қаторда, республикамиздаги қатор олийгоҳларда “Адабиёт назарияси” фанидан маърузалар ўқиган. Мактаблар, олий ўқув юрти талабалари учун дарсликлар яратиб, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшган.

Олимнинг тўртинчи адабий тур – паремия ҳақидаги қарашлари, Навоий поэтик синтаксисидаги анжамбеман ҳодисаси ва ғазал-мулоқот шаклларига бағишланган тадқиқотлари илмий кашфиёт сифатида юқори баҳоланган. Юксак салоҳиятли олим, теран мантиқий тафаккур соҳиби бўлган Б.Саримсоқов илмий асарлари адабиётшунослик илми учун улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Олим тадқиқотлари ўзбек адабиётшунослигини юксалтириш ва жаҳон миқёсига кўтаришда ўзига хос индивидуал қарашлар сифатида муҳим аҳамият касб этади. Биз шогирдлар ҳам устоз олиб борган ишларни давом эттиришга, адабиётимиз, маънавиятимиз ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. 

Зарина Раҳмонова,

СамДУ тадқиқотчиси