11 ёшимда онам “Алпомиш” достонини айтиб бераркан, паҳлавоннинг қалмоқ элидаги зиндондан чиқиб, золимлардан қутулиб, она Ватани — Бойсун-Қўнғиротга қайтаётган ҳолатини бола тасаввурим билан англардим. Бу достон инсонпарварликдан сабоқ берарди. Адолатли ва ҳақгўй, ор-номусли, садоқатли бўлиш, эл-юртни севиш, уни ёвлардан ҳимоя қилишга ўргатарди. Шу қўшиқлар оҳангида катта бўлдим. Эҳтимол бу эстетик тафаккурим шаклланишига ҳисса қўшган, бахшиликка рағбатимни оширган бўлса керак.
Кейинчалик Ўзбекистон халқ бахшиси Маҳматмурод Ражабовдан бахшичилик сирларини ўргана бошладим. Бу санъатга муҳаббат мени Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига етаклади. Бу даргоҳда халқ ижодиёти, фольклор-этнография йўналишида таҳсил олдим. Нишон тумани маданият бўлими Оқолтин маданият марказида ишладим. Айни пайтда Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабида бахшичиликдан болаларга дарс бериб келяпман. 2015 йили Қарши шаҳрида ўтказилган “Нафосат бўстоним маним” вилоят кўрик-танловида бахшичилик бўйича 1-даражали диплом билан тақдирландим. 2018 йили Маданият вазирлигининг Фольклор-этнографик жамоалар ва бахши-шоирларнинг “Нурли наволар” республика кўрик-танлови вилоят босқичида 2-ўринни қўлга киритдим.
Юртимизда бахшичилик санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир неча фармон ва қарорлар қабул қилинди. “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонланди. Термиз шаҳрида Алпомиш ҳайкали, Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига ёдгорлик мажмуалари бунёд этилди. “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис этилди. Ҳозир Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфлари фаолият юритмоқда. Юз жилдли “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси, шунингдек, “Қорақалпоқ фольклори” тўплами нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар ижро этаётган асарларни ёзиб олиш, илмий ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. 2019 йилда Термиз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали жаҳон миқёсидаги йирик маданий ҳодиса бўлди. Бу ўзгаришларни кўриб, “Алпомиш энди юртга, халқ орасига бутунлай қайтди”, деган гап хаёлимдан ўтди.
Бундай эътибор ҳаётимда катта из қолдирди. Қўлимдаги созим билан шаҳар, вилоят ҳамда республика миқёсидаги маданий тадбирларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилдим. Жумладан, мамлакат ва вилоятнинг байрам тадбирлари, бир неча халқаро фестиваль, танлов ҳамда маданий тадбирларда мунтазам иштирок этяпман. 2018 йили Термиз шаҳри, 2021 йили Нукус шаҳри, 2023 йили Гулистон шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалларида қатнашдим.
2018 йил Китоб туманидаги кўпкари халқаро турнирида, Шаҳрисабз шаҳридаги мақомчилар I халқаро фестивалида, Тошкент шаҳридаги туризм, 2022 йили Бухоро шаҳридаги заргарлик ва зардўзлик, 2023 йили Навоий вилоятидаги саҳро бахшилари, 2023 йили Қарши шаҳридаги чанқовуз ва сибизға, “Майдон томошалари” халқаро фестивалларида мунтазам қатнашиб, терма ва достонларимни айтиб келяпман.
Кўплаб шогирдларим бор. Бугун уларнинг ўзига хос ноёб овози ва ижро маҳорати мутахассислар ва санъат мухлислари эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Шогирдларим республика, вилоят, шаҳар, туман кўрик-танловларида нуфузли ўринларни эгалламоқда. Улар куйлаган терма ва достонлар тингловчига катта завқ-шавқ бағишлайди, кишиларни яхшиликка чорлайди, маърифат тарқатмоқда.
“Алпомиш”, “Гурўғли”, “Кунтуғмиш” каби ўнлаб достонларни куйлаб, ёш авлодга етказиб келаётганим қалбимга фахр бағишлайди. “Ватаним”, “Ўзбекистоним”, “Қашқадарё”, “Нишоним”, “Қариси бор”, “Ўзбегим йигитлари”, “Алпомишнинг қайтиши”, “Тиллар” каби ўттиздан ортиқ термамда Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз фаровонлигини тараннум қиляпман.
Юртимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги арафасида хушхабар эшитдим. “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони билан тақдирландим. Бу чексиз ғурур ва ифтихор бериш билан бирга елкамга катта масъулият ҳам юклайди. Истеъдодли шогирлар тайёрлаб, элу юртга хизмат қилиш, ўзбек бахшичилик санъати довруғини дунёга ёйиш ниятимда катта далда бўлади.
Эркин ЎРОЛОВ,
Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси,
Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси