Улар орасида Ring ақлли қўнғироқлари, Kindle электрон китоблари, Fire телевизор мосламалари ва уй хавфсизлиги тизимлари мавжуд.
Нью-Йоркдаги тақдимотда кўрсатилган барча гаджетлар февраль ойида ишга туширилган Alexa+ сунъий интеллект ёрдамчиси билан интеграция қилинган.
Ақлли эшик қўнғироқлари
Янгиланган Ринг қўнғироқлари 2К камера ва 4К сифатида видео ёзиш имкониятига эга бўлди. «Familiar Faces» (Таниш юзлар) функцияси дўстлар ва оила аъзоларини автоматик равишда таниб олишга имкон беради. Шунингдек, Alexa+ ёрдамида курьерларга кўрсатмалар бериш ёки етказиб бериш жараёнини назорат қилиш мумкин.
Яна бир қизиқарли янгилик – уй ҳайвонларини топиш функцияси. Агар қўшнилардан бири Ринг иловаси орқали ўз уй ҳайвони йўқолганини эълон қилса, сунъий интеллект бошқа фойдаланувчиларнинг розилиги билан яқин атрофдаги камералар орқали уни излашга ёрдам беради.
Kindleʼда сунъий интеллект
Янги Kindle Scribe энди енгилроқ ва тезроқ ишлайди. У сунъий интеллектга асосланган қидирув тизими ва рангли экран билан жиҳозланди. Эндиликда фойдаланувчилар китоб мазмуни ҳақида қисқача маълумот сўраши ёки асар қаҳрамонлари тўғрисида саволлар бериши мумкин.
Қурилма 11 дюймли E Ink экрани, Google Drive ва OneDrive билан интеграция ҳамда блокнот функциясига эга. АҚШда унинг нархи 499,99 доллардан бошланади (Colorsoft версияси – 629,99 доллар).
«Ақлли уй» экотизими
Fire TV мосламалари ҳам Alexa+ ёрдамида янги имкониятларга эга бўлди: энди фильмдаги муайян саҳнани топиш ёки кечаги футбол ўйинининг натижасини сўраш мумкин.
Amazon, Samsung, LG ва Google каби гигантлар барча уй қурилмаларини ягона тизимга бирлаштириб, ҳақиқий «ақлли уй» концепциясини рўёбга чиқаришга интилмоқда. Тақдимотда намойиш этилган видеода Алеха фойдаланувчига уйда содир бўлган воқеалар – болаларнинг итни сайр қилдиргани, почта келгани ва ҳатто ахлат қутиси атрофида енотлар пайдо бўлгани ҳақида ҳисобот беради.
Amazon қурилмалари бўйича раҳбар Panos Panayнинг сўзларига кўра, Alexa+ технологиясининг асосий мақсади – уйдаги жараёнларни «фон режимида» бошқаришдир.
«Мақсадимиз – маҳсулотлар инсоннинг турмуш тарзига сездирмасдан мослашиши ва ҳатто сиз уйда бўлмаган пайтда ҳам фойда келтиришидир», – дея таъкидлади у.