Америка Қўшма Штатлари беш йиллик танаффусдан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO)га расман қайтди. Бу ҳақда 11 июль, сешанба куни UNESCO бош директори Одри Азуле маълум қилди, дея хабар беради халқаро ташкилот матбуот хизмати.

АҚШ ташкилотга қайтганидан кейин UNESCOга аъзо-давлатлар сони 194 тага етди.

Қайд этилишича, ташкилотга қайта киришдан аввал АҚШ ва БМТ қўшма ҳаракатлар режасини, жумладан, АҚШ қарзини тўлаш ва агентлик ижроия кенгашига қайтиш жадвалини тузган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаси. У таълим, фан ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.

Америка Қўшма Штатлари 2017 йилнинг октабрида UNESCO таркибидан чиққан эди. Ўша пайтдаги мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмурияти ташкилотнинг “Исроилга қарши сиёсати” туфайли мазкур қарорга келинганини  айтганди. Тез орада Исроил ҳам UNESCOни тарк этганди.

2022 йил февраль ойида Исроил ҳукумати Давлат департаментига Вашингтоннинг ташкилотга қайтишига қарши эмаслигини билдирганди, деб хабар беради korrespondent.net.