Нью Йорк штатининг Саутгемптон  касалхонаси ходимлари таниқли рассомларнинг абстракт экспрессионизм услубида яратган асарлари сақланадиган омборни топди.

New York Post  хабарига кўра, тиббиёт муассасаси ходимлари ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини қўйиш учун жой қидираётганида тасодифан расмларни топган. Омборда Виллем де Кунинг, Александр Колдер, Роберт Дэш ва бошқа машҳур рассомларнинг литография, расм ва ёғочдан ясалган ҳайкаллари бор эди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, 1950-1980 йилларда яратилган ушбу асарларнинг барчаси рассомларнинг касалхонадаги шифокорларга берган совғаси эди, чунки ўша пайтда у ҳудуддаги ягона тиббиёт муассасаси бўлган.

Топилган барча ишлар Kaminski ким ошди савдосида сотилади. Уларнинг бошланғич нархи юз минг долларни ташкил этди, аммо мутахассисларнинг фикрига кўра, бу миллионга етиши мумкин. Ким ошди савдосидан тушган маблағ касалхонага ва Саутгемптон тарихий музейига топширилади.

Аввалроқ, АҚШда дўкон хизматчиси Сальвадор Дали чизган суратни топганди. Мутахассислар Дантенинг "Илоҳий комедияси" учун акварелда чизилган бир қатор расмлар Далига тегишлилигини аниқлаган эди. Асар 1200 долларга сотилган ва ундан тушган маблағ хайрия ишларига сарфланган.