Тадбир чоғида меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик имкониятлари, маданий-тарихий марказлари, диққатга сазовор масканлари, шунингдек, мамлакатимизнинг сармоявий салоҳияти ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
"International Club DC" раҳбари Санжай Хеттихева ўз чиқишида 60 минг нафарга яқин мутахассисларни ўз атрофига бирлаштирган мазкур ташкилот мамлакатимизнинг миллий брендини тарғиб қилиш учун яхши платформа ҳисобланишини айтди. "Бугун Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирни намунали, деб ҳисоблаш мумкин, чунки мамлакатнинг бой тарихий мероси ва улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тақдимот юқори савияда ўтказилди", деди у.
АҚШ Давлат департаменти ташқи ишлар бўйича тадқиқотчиси Энн Комптоннинг айтишича, ушбу маданий тадбир ҳамма учун жуда фойдали бўлди, чунки унинг доирасида замонавий Ўзбекистон ҳақидаги кўпгина муҳим маълумотлар ўртоқлашилди. "Таъкидлаш жоизки, ушбу элчихона Вашингтон шаҳридаги энг гўзал ваколатхоналардан бири бўлиб, Ўзбекистондан олиб келинган музей экспонатлари ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини яққол намойиш этади", деди у.
Юқоридагилар билан бирга, Жоржтаун университетининг халқаро алоқалар бўйича директори Keлли МакГрат ҳам ушбу тадбирда қатнашган америкалик иштирокчилар Ўзбекистонни том маънода кашф этишганини, энди улар мамлакатимизни ўз кўзлари билан кўришни исташини айтди.
Тадбир чоғида ўзбек диаспораси вакиллари томонидан тайёрланган маданий дастур намойиш этилди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, 2003 йили ташкил этилган "International Club DC" ташкилоти Вашингтон шаҳридаги дипломатия ваколатхоналари билан биргаликда брифинг, давра суҳбати, маданий ва бошқа турли тадбирларни ташкил этишга ихтисослашган.