Музокаралар чоғида томонлар ўзаро шериклик муносабатларини ўрнатиш, Америка томони билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйиш, шаҳар инфратузилмасини бошқариш, минтақадаги етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик соҳасида тажриба алмашиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Учрашув аввалида Америка томони мамлакатда иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, шунингдек, мамлакатнинг рақобатбардошлиги ва инновацион ривожланишини таъминлашга қаратилган инсон капиталини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.

Кембриж шаҳри мэри Ўзбекистон минтақалари билан ҳамкорлик жўғрофиясини кенгайтириш, АҚШнинг йирик шаҳарлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, америкалик инвесторларнинг ички бозорда тадбиркорлик фаоллигини ошириш ва мамлакатларимиз университетлари ўртасидаги жадал ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.

Сумбул Сиддиқий мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни қутлар экан, инсон капиталига сармоя киритишнинг муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, билимдон мутахассислар барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва янги кашфиётлар манбаидир. Сумбул Сиддиқий 19 аср охири ва 20 аср бошларида ишлаб чиқариш Кембриж иқтисодиётининг муҳим қисми бўлганини, аммо бугунги кунда таълим муассасалари унинг энг йирик иш берувчисига айланганини қайд этди.  «Масалан, бугунги кунда Гарвард ва Массачусетс технология институтида 20 мингга яқин киши ишламоқда. Технологик инновациялар бўйича Кембрижда кўплаб компаниялар фаолият кўрсатмоқда», деди у.

Шаҳарда соғлиқни сақлаш ва биотехнология соҳасидаги инновацион муассасалар ва илмий-тадқиқот марказларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани алоҳида қайд этилди. Коронавирусга қарши «Pfizer», «AstraZeneca» ва «Moderna» вакциналари ҳам ушбу шаҳардаги илмий-тадқиқот марказлари томонидан  ишлаб чиқилган.

Музокаралар натижасида Кембриж шаҳрининг таълим ва йирик муниципалитетларни бошқаришни рағбатлантириш, шунингдек, мамлакатимиз шаҳарларидан бири билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш соҳасида тажриба алмашиш амалиётини йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Кембрижга 1630 йилда асос солинган. 1846 йилда унга шаҳар мақоми берилди.  Шаҳар номи  Англиядаги Кембриж университети шарафига атаб қўйилган. Айни пайтда шаҳарда 120 минг аҳоли истиқомат қилмоқда. Бостон  минтақасининг пойтахти бўлган Кембриж Америка Қўшма Штатларининг таълим марказларидан бири ҳисобланади. Гарвард университети, Массачусетс технология институти, Лесли университети ва Хулт халқаро бизнес мактаби Кембрижда жойлашган. Кембриждаги Кендалл майдони 2010 йилдан бери яратилган муваффақиятли стартапларнинг юқори консентрацияси туфайли «Сайёрадаги энг инновацион жой», деб топилди.

Кембриж шаҳри Коимбра, (Португалия, 1982 йилдан), Гаэта (Италия, 1982), Цукуба (Япония, 1983), Сан-Хосе Лас Флорес (Сальвадор, 1987), Голуэй (Арманистон, 1987), Ле Кейвей (Ирландия, 1997), Ле Cаес (Гаити, 2014) шаҳарлари билан биродарлик  алоқаларини ўрнатган.

Сумбул Сиддиқий Кембриж шаҳар кенгашида учинчи марта, шаҳар ҳокими сифатида эса иккинчи марта фаолият кўрсатмоқда. У ота-онаси билан Покистондан Америка Қўшма Штатларига кўчиб келган ва бу шаҳарни бошқараётган биринчи мусулмон аёл ҳисобланади.