Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини илм-фан ва янги технологиялар асосида ривожлантириш борасида катта мақсадлар қўйилган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳар гектардан 5 минг доллар даромад олиш, экспортни 10 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун нафақат хорижий технологиялар, балки ота-боболаримизнинг минг йиллар давомида тўплаган тажрибаси ҳам керак.

Шу маънода, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб, Фанлар академияси би­лан ҳамкорликда “Амир Темур ва темурийлар даврида қишлоқ хўжалиги” монографияси нашрга тайёрлангани диққатга сазовор. Ки­тоб асосида XV-XVI асрларда ёзилган “Фан­ни кишту зироат” (“Деҳқончилик илми”) нодир қўлёзмаси ётади. Ушбу монография­да темурийлар давридаги деҳқончилик ва маҳсулот етиштиришнинг бой тажрибаси келтирилиб, зарур жойларда ўша давр усуллари ва ёндашувлар изоҳлар билан очиб берилди. Китобда шундай усуллар борки, улар қизиқ, оддий, фойдали, ҳайратланарли ва унутилган бўлса-да, ҳозир ҳам қўлланилиши мумкин. Келинг, шу сирларни биргаликда кашф қилайлик.

Об-ҳаво қандай башорат қилинган?

Синоптик станциялар бўлмаган давр­да деҳқонларимиз об-ҳавони қандай бил­ган? Ҳайрон қоласиз — улар буни ойга, қушларга ва ҳатто қозонга қараб башорат қилган. Масалан, агар ой учинчи ёки тўр­тинчи кечада ёрқин бўлса, кундузи ҳаво очиқ бўлган. Ой қизғиш тортса — шамол кучайган, қорайса — ёмғир кўп ёққан. Чум­чуқ ва саъва дарахт устида сайраса, ёмғир кутилган. Товуқ ўзини титкилайверса ёки қозон осилганда ўчоқ тагида учқунлар кўп бўлса — ёмғир ёғишини айтишган.

Ҳозирги замон фани бундай кузатувларни фенология деб атайди. Япония ва Хитойда ҳозир ҳам фермерлар ой тақвимига асосла­ниб иш тутади. Бу жуда қизиқ, албатта.

Ер ости сувини қаердан топиш мумкин?

Ўша даврда деҳқонлар ер ости суви қаер­далигини билиш учун мис қозон ишлат­ган. Ҳа, тўғри англадингиз. Айнан қозон. Бунинг учун улар ерни уч газ (тахминан 2 метр) чуқурликда ковлаб, сариқ мис қо­зонни ёғ билан мойлаган. Тоза жундан ён­ғоқ катталигида шарча ясаб, уни эритилган мумга ботириб, қозон ичига ёпиштирган. Кейин қозон тўнкарилиб, чуқурга кўмилиб, эрталабгача шу ҳолда қолдирилган. Агар қо­зон нам, жун шарча сувга тўлган бўлса, ер ости суви ер юзасига яқин, агар намлик кам бўлса, сув чуқурда.

Бугун бу иш геофизик асбоблар билан ба­жарилади. Аммо бобомизнинг усули ҳозир ҳам кичик фермерлар учун арзон ва тушунар­ли бўлиши мумкин.

Тупроқ шўрлигини... татиб билишган!

Ҳозир тупроқ шўрлиги махсус лабора­торияларда аниқланади. Аммо темурийлар даврида бу борада оддийроқ йўл тутилган. Қандай дейсизми? Албатта, ернинг таъмига қараб. Бунинг учун икки-уч газ чуқурликдан бир ҳовуч тупроқ олиниб, хумчага солинган. Устидан ёмғир суви қуйиб, аралаштириб, сув тинганидан кейин унинг таъмини кўришган. Агар сувнинг мазаси ўзгармаса, ер яхши. Агар шўр ёки аччиқ бўлса, ер шўр. Агар ердан ёмон ҳид келса, умуман, экин экишга яроқсиз.

Қизиғи шундаки, китобда келтирилиши­ча, шўр ерда фақат хурмо яхши ўсади. Бугун шўрхок ҳудудларда хурмо плантациялари барпо этилаётгани боболаримиз ҳақлигини кўрсатади.

Беш юз йил аввал мавжуд бўлган усул

Бунисини ҳали эшитмагандирсиз?! Ҳо­зирги кунда уруғсиз тарвуз, уруғсиз узум каби навларга замонавий селекциянинг юту­ғи сифатида қаралади. Лекин асарда бу бўйи­ча ажабланарли усул баён этилган.

Усул қуйидагича: ошқовоқ ёки бодринг­нинг палаги (шохи) бир газ (0,7 метр) ўс­гач, унинг остидан чуқур ковланиб, палак­нинг бир қисми шу чуқурга солиниб, учи чиқиб турадиган қилиб кўмилади. Палак бир газ ўсгач, бу иш яна такрорланади. Уч марта шундай қилингандан кейин палак ер остида илдиз отиб, асосий ўсимликдан аж­ралганда, қолган қисмидаги мева уруғсиз бўлади.

Буни қандай тушуниш мумкин? Илм-фан­да бу ҳолат партенокарпия дейилади. Яъни урчитилмасдан мева тугиш ҳодисаси. Ҳозир бунга гормонал воситалар билан эришилади. Боболаримиз эса механик усул — палакни кўмиб, стресс ҳосил қилиш орқали шунга эришган. Ҳайратланарли... Афсуски, бу усул ҳам унутилган. Тарвузчиликда илғор Кўкда­ла фермерлари буни синаб кўрса, нафақат эр­таки тарвуз, балки данаксиз ҳосил ва қўшил­ган қийматли янги брендга эга бўлармиди?! Давр ана шундай янги билимларни ва изла­нувчанликни талаб қиляпти.

Шу ўринда бошқа меваларни данаксиз қилишга интилишганмикан деган ҳақли са­вол туғилади. Ахир ҳаммамиз данаксиз анор ва узум фалон бозорда ёки давлатда чиқар­кан деб ҳайрат билан гапирамиз-ку. Қўлёзма таржимасини таҳрирлар эканман, бу маълу­мотларга етиб келганда, очиғи, ҳайратимни яшира олмадим.

Анор ва узумни данаксиз етиштириш

Асарда нафақат ошқовоқ, балки анор ва узумни ҳам данаксиз (уруғсиз) қилиш усулла­ри келтирилган. Анорни данаксиз қилиш учун экилаётган ниҳол бир газ миқдорида ёрилиб, ичидаги мағзи олиб ташланади. Сўнг ёрилган жой бир-бирига ёпиштирилиб, лух (тол қавзо­ғи) билан боғланади, тоза лой ва янги гўнг би­лан сувалиб, ерга экилади. Кўклаб чиққандан кейин ёриқ устидаги қисми кесиб ташланади. Натижада етилган анорда уруғ бўлмайди. Узумни данаксиз қилиш учун эса токнинг ерга тегадиган қисми ёрилиб, ичидаги мағзи олиб ташланган, сўнг ёриқ ёпиштирилиб, молнинг янги гўнги билан бўяб экилган. Бундай ток­нинг узуми уруғсиз бўлиб етилади. Қаранг, оддий, лекин самарали усул.

Ҳозирги замон деҳқончилигида уруғсиз мевалар селекция йўли билан олинади. Лекин боболаримиз механик усул билан ҳам шунга эришгани ҳайратланарли. Афсуски, бу усул­лар унутилган, бироқ буни синаб кўрсак, боғ­дорчиликда ҳақиқий янги тажриба бўлади.

Бир токдан уч рангли узум

Асардаги энг қизиқарли боблардан бири пайвандлашга бағишланган. Унда айтили­шича, уч хил токдан икки газ узунликда уч новда олиниб, ҳар бири мағзига зарар етказ­май ёрилиб, сўнг бир-бирига ёпиштирилган. Лух билан боғланиб, экилган. Бундай ток ҳосили уч рангда бўлган. Тасаввур қиляп­сизми, бир новдада оқ, қизил ва қора узум бирга ўсган.

Яна ҳам қизиғи, агар токнинг ичидаги мағиз ўрнига мушк солиб экилса, узумдан мушк ҳиди келган. Агар сурги дори солинса, узумнинг ўзи сурги (ични келтирувчи) бўлиб қолган. Қойил қолмасдан иложи йўқ.

Бунинг изоҳи қандай? Бугун бу усулни инъекция ёки молекуляр фермерлик деб ата­шади — ўсимликни дори ташувчи контейнер сифатида ишлатиш ғояси. Ҳозир ген муҳан­дислари вакцина ва антитела ишлаб чиқа­рувчи ўсимликлар яратмоқда. Темурийлар бундан 500 йил олдин худди шу ғояни амалда қўллаган. Бу фақат ғурур бағишлайди ва ил­дамроқ бўлишга етаклайди.

Дарахтларни “қўрқитиб” мева олишни эшитганмисиз?

Бу усулни кўпчилигимиз эшитганмиз, лекин ҳазилга йўйиб қўяверганмиз, аслида эса... Агар дарахт мева қилмаса, темурийлар уни болта билан қўрқитган. Ҳа, тўғри ўқи­дингиз. Бир киши болта олиб, ғазабланган ҳолда дарахтга югуриб келиб: “Сени кесиб ташлайман”, деб бақирган. Бошқаси эса да­рахтни ҳимоя қилиб: “Бу йил тегма, келаси йили мева қилади”, деган. Натижада келаси йили дарахт мўл ҳосил берган.

Ҳозирги замон деҳқончилиги бунга нима дейди? Илм-фан буни шок терапияси деб атайди. Ҳар қандай тирик мавжудот ўлим хавфини сезса, зурриёт қолдиришга инти­лади. Дарахт учун зурриёт — унинг меваси. Шундай қилиб, енгил қўрқитиш дарахтни ҳосил беришга мажбур қилади. Бугун биз кимёвий воситалар билан ҳосилни кўпай­тиришга ўрганганмиз. Лекин боболаримиз­нинг биз ҳазил-мутойибага йўйган, оддий усули — экологик тоза ва бепул.

Ҳосилни тезлатишнинг антиқа йўли

Бугун кўчатни бир жойга экиб, умрбод шунда қолдирамиз. Темурийлар эса бошқача йўл тутган. Масалан, ёнғоқ ниҳолини ковлаб олиб, бошқа ерга ўтқазган. Бир йилдан кейин яна бошқа жойга кўчиришган. Буни уч марта такрорлашган. Натижада дарахт тезроқ ҳо­силга кирган.

Сабаби нима? Доимий кўчириш марка­зий илдизни чеклаб, кўплаб ён илдизларни ривожлантирган. Бу эса дарахт озуқани тез йиғишига ва эрта ҳосилга киришига сабаб бўлган. Замонавий агрономия буни стрессли кўчириш дейди, лекин амалда кам қўллайди.

Зараркунандалардан қутулишнинг оддий тадбири

Кимёвий пестицидлар бўлмаган даврда боғбонларимиз қўл остидаги нарсалар билан ҳашаротларга қарши курашган. Мана улар­дан айримлари.

Анзур пиёзи (ёввойи пиёз) олма дарахти­нинг томири остига экилса, қурт тушишидан сақлаган. Кабутар гўнги сувда ивитилиб, шохларга суркалса, мева кўпайган.

Ҳозирги замон деҳқончилиги бунга нима дейди? Илм-фан бу усулларнинг кўпини тас­диқлаган. Замонавий фанда бу экологик му­ҳандислик дейилади. Масалан, анзур пиёзи таркибидаги алкалоидлар, аммиакли аралаш­малар кучли инсектициддир. Ҳозир экологик деҳқончиликда шунга ўхшаш табиий восита­ларга қайтиш кузатилмоқда. Аммо фермерла­римиз бу усулларни унутган.

Унутилган тежамкорлик

Сув танқислиги бугунги куннинг энг катта муаммоларидан бири. Темурийлар эса сувни тежашни билган. Улар полиз экинлари учун мўлжалланган ерни қишда суғориб, кейин ус­тини хашак билан ёпган. Шунда ер ёзда кам сув талаб қилган. Бу усул ҳозирги мулчалаш (ерни хашак, сомон билан қоплаш) техноло­гиясининг айнан ўзи. Европада бу усул XX аср охирида қайта “кашф” этилган. Бизда эса ҳануз кўп фермерлар ерни очиқ қолдириб, сувни исроф қилади.

Ер остига сомон тўшаб, буғдойни шун­да сақлашган, устини лой билан сувашган. Бундай омборда ғалла 50 йилгача бузил­майди. Бу замонавий модификацияланган атмосферали омбор технологиясининг қади­мий кўринишидир.

Ҳозир бундай билимлар бир оз замонавий кўринишда бутун дунёда фойдаланиляпти, масалан, пахтани плёнка остида экишнинг Шинжон усули анча самарали, сув тежаш им­конини беради. Жорий йилда 325 минг гек­тар майдонга шу усул қўлланилмоқда ва бу бежиз эмас!

Устоз-шогирд анъанаси — аждодлардан мерос

Асрлар давомида, хусусан, темурийлар даврида ҳам агротехник билимлар асосан амалиёт орқали, яъни устоз-шогирд анъа­наси, оилавий тарбия ва кундалик меҳнат жараёнида авлоддан авлодга ўтган. Кекса ва тажрибали деҳқонлар билим ҳамда кў­никмаларини ёшларга ўргатиб, ерга ишлов бериш, экин турларини танлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш усулла­рини амалда намойиш этган. Бу анъана ту­файли ҳар бир авлод отасидан кўра кўпроқ билимга эга бўлиб, деҳқончилик доимий ривожланган.

Бугун қишлоқ хўжалигида устоз-шогирд тизими қайта тикланмоқда. Жумладан, 2026 йилдан бошлаб пахтачиликда 1000 дан ортиқ илғор фермер кам ҳосил олаётган 5 мингга яқин фермерга бевосита устозлик қилиш ти­зими жорий қилинди. Мақсад — билим ва тажрибани соҳадаги қолоқликни бартараф этишнинг энг самарали воситасига айланти­риш.

Бу борада энг ёрқин мисол: Мирзачўл туманида ташкил этилган “Азамат макта­би”дир. Пахтакор Азамат Султонов илғор усуллар билан чўл шароитида гектари­дан 70 центнер пахта олишга эришмоқда. Унинг мактабида энди нафақат Мирзачўл, балки бошқа туманлардан келган фермер­лар ҳам тажриба орттирмоқда. Бу — аждод­ларимизнинг “устоз-шогирд” анъанасининг замонавий кўриниши. Агар темурийлар даврида бу усул орқали агротехник билим­лар асрлар давомида такомиллашган бўлса, бугун ҳам шу йўл билан қисқа муддатда катта натижаларга эришиш мумкин.

Хулоса ўрнида

Афсус, китобда айтилган жуда кўп усул ва кўрсатмаларни бу ерда келтиришга имкони­миз йўқ. Китобни ўқиб, ундаги билимлардан баҳраманд бўлишни ҳар бир юртдошимизга тавсия қиламиз. Сабаби “Амир Темур ва те­мурийлар даврида қишлоқ хўжалиги” мо­нографияси нафақат тарихий ҳужжат, балки боболаримизнинг табиат билан уйғунликда яшаш, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш бо­расидаги бой тажрибаси тўпланган маънавий меросимиздир.

Ҳозирги замон деҳқончилиги кимёвий ўғитлар ва пестицидларга тобора қарам бў­либ бормоқда. Бу эса тупроқни шўрлантириб, сувни камайтиради, маҳсулот сифатига зарар келтиради. Темурийлар давридаги усуллар­нинг аксарияти экологик тоза, арзон ва ҳар бир фермер учун тушунарли.

Қишлоқ хўжалиги тизими ислоҳотла­ри асоси сифатида соҳага олиб кирил­ган STEM+ HECI (STEM — Илм-фан, Технология, Муҳандислик, Математика) (HECI — Инсонийлик, Ахлоқ, Ижодкор­лик, Тасаввур) дастури айнан шу бой ме­росни тиклаш, уни замонавий билимлар билан уйғунлаштириш ва ёш авлодга ет­казишга қаратилгани билан аҳамиятли. Эҳтимол, айнан шу “унутилган” усуллар келажакда экологик тоза ва барқарор деҳ­қончиликнинг асосига айланар?!

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

қишлоқ хўжалиги вазири, академик