Мамлакатимизда улуғ аждодларимиз меросини кенг тадқиқ ва тарғиб этиш, уларнинг номини абадийлаштириш, ўсиб келаётган навқирон авлодни бобокалонларимизнинг фаолиятидан фахрланиш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Буни шу кунларда халқимиз даҳосининг тимсоли, беназир саркарда ва давлат арбоби, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Амир Темур ва ҳозирги замон” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети Гуманитар фанлар кафедраси доценти Жумабой Раҳимов, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институт Миллий тадқиқот университети, Гуманитар фанлар кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Шохиста Ўлжаева, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети, “Ўзбекистон тарихи” кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди доцент, Акбар Замонов,   Фавқулодда вазият-лар вазирлиги матбуот хизмати ходимлари, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Академия бошлиғининг ўринбосари л.м.в.б., подполковник Савриддин Нажмиев кириш сўзи билан очиб, юртимизда буюк давлат арбоби Амир Темур бобомиз таваллудининг 686 йиллиги ижодкорлар, олимлар ва ёшлар томонидан фахр-ифтихор билан ёдга олинаётгани, Соҳибқирон Амир Темур – биз учун ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан бири эканлиги хусусида сўз юритди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, Соҳибқирон нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё ривожига беқиёс ҳисса қўшган шахс эканлигини, ҳазрат Амир Темур бетакрор фаолиятининг асосий маъноси – “Ватан озодлиги, ватанга муҳаббат” деган олий қадриятлардан иборат бўлиб, Соҳибқирон бобомизнинг руҳияти истиқлол ва ҳурлик, эркинлик ғоялари билан табиий ва гўзал бир равишда уйғунлашиб кетганлигини, у ҳатто умрининг сўнгги онларида ҳам зурриёдларига қарата “Истиқлол билан мулку миллат, лашкар ва раъиятни бошқарингиз” деб васият қилганлигини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир якунида ўзларининг мазмунли, сермулоҳаза, баҳс-мунозарларга бой ҳамда янада кўпроқ мутоалаа қилишга ундайдиган тақдимот маърузалари билан фаол қатнашган меҳмонларга Академия раҳбариятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Озодбек ШУКУРОВ,

ФВВ Академияси тарбиявий ва мафкуравий

ишлар бўлими катта офицери